Иштихонда хонадон ертўласидан 1,5 килограмм “марихуана”ни сақлаб келган шахс аниқланди
26 октябрь куни “Қорадори-2020” тадбирининг 2-босқичида Иштихон тумани ИИБ ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотга кўра, Юғонтепа маҳалласида яшовчи, 58 ёшли якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи Қ.Ш.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ертўладан “марихуана” гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик воситаси далилий ашё сифатида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Самарқанд вилояти ИИБ эксперт-криминалистика бўлими томонидан 26 октябрдаги маълумотномасида, фуқаро Қ.Ш.нинг яшаш уйини кўздан кечиришда топилган яшил рангли, ўткир ҳидли, қуруқ ҳолдаги модда таркибида гиёҳванд модда – “тетрагидроканнабинол” мавжудлиги, бу модда “марихуана” гиёҳвандлик моддаси турига кириши ва соф оғирлиги 1.544,02 граммга тенглиги кўрсатилган.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.