Ислом Каримов ҳайкали пойи гулларга бурканмоқда
Шаҳар кўпдан буён Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов хотирасига ҳурмат билдириш учун ошиқаётган юртдошларимиз, чет эллик меҳмонлар билан гавжум.
– Самарқанд зиёратини Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошладик, – дейди Тошкент шаҳридан келган Зуҳра Худоёрова. – Буюк Йўлбошчимизнинг Ўзбекистон халқи учун қилган меҳнатларини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. У киши халқимизнинг эркин яшаши учун курашдилар, юрт тинчлиги, фаровонлиги йўлида фидойилик кўрсатдилар.
Зиёратчиларни кузатсангиз, ёшми, кексами – ҳар бири улуғвор ҳайкал рўпарасига келганида бир муддат жим қолиб, хаёлга берилади. Ёшлик шиддати барқ ураётган мактаб ўқувчилари ҳам ҳайкал қаршисида бир зум чуғурлашдан тўхташади. Чунки бу инсон ҳар биримизнинг юрагимиздан жой олган.
– Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги арафасида уюштирган саёҳат дарсимиз Биринчи Президентимиз хотирасига бағишланди, – дейди Самарқанд шаҳридаги 62-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Фарида Ибрагимова. – 21-умумтаълим мактабида жойлашган Ислом Каримов музейида бўлдик. Ўқувчиларга Биринчи Президентимизнинг ўқувчилик йиллари ҳақида ҳикоя қилиб беришди. Бу ўқувчилар учун ниҳоятда қизиқарли бўлди.
Мактаб ўқувчиларининг шовқини улуғ сиймо ҳайкали қаршисида туриб, узоқ ўйга толган отахоннинг хаёлларини бўлди. Самарқанд вилояти Ургут туманидан зиёратга келган Жамол Қулиев бу шўх болалар учун фаровон келажакни таъминлаган, мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримовни ёдга олиб, у кишининг ҳақларига дуо қилар экан, шундай деди:
– Бугунги шароитлар, юртимиздаги тинчлик-осойишталик учун Биринчи Президентимиздан миннатдормиз. У киши мустақилликнинг илк йилларида мамлакатни оғир иқтисодий шароитдан олиб чиқди. Ислом Каримов серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Шу ўринда бир таклифни айтиб ўтсам – хиёбонга киришда Биринчи Президентимизнинг сиёсий фаолияти акс эттирилган кичик лавҳа ўрнатилса, жуда ярашиқли иш бўларди.
Албатта, Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган хиёбонни ёдгорлик тўғрисидаги маълумотлар жамланган, Ислом Каримовнинг серқирра фаолияти зарҳал ҳарфларда битилган лавҳалар безаб турса, зиёратчиларга маъқул бўлар эди.
– Ислом Каримовнинг жасорати нафақат юртингизда, балки бутун Марказий Осиё мамлакатларида қадрланади, – дейди Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳридан зиёратга келган Жамила Фозилова. – Шу буюк инсоннинг хизматлари туфайли бугун Ўзбекистон гуллаб-яшнамоқда, донғи дунёга таралмоқда. Зиёратни кўнглимга тукканимдан буён ҳар доим Самарқандга ошиқдим. Мана, ниятимга етдим.
Буюклар ўлмайди, улар инсонлар қалбида мангу яшайди, дейишади. Биринчи Президентимиз ҳам халқимиз юрагида яшайди, Ислом Каримовнинг фидойилик, мардлик, ватанпарварлик, инсонийлик, адолатпарварлик каби олижаноб фазилатлари барчамиз учун ибрат намунаси бўлиб қолади. Халқимиз у кишининг мамлакатимиз равнақи йўлидаги хизматларини ҳеч қачон унутмайди.
Зилола ОМОНОВА,
Бахтиёр МУСТАНОВ
(фото).
Халқимиз юрагида яшайди
Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ректори, профессор Т.Остонақулов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов истиқлол йилларида эришилган ютуқ ва натижалар мамлакатимизнинг Биринчи Президенти номи ва фаолияти билан боғлиқ эканлиги ҳақида сўз юритди.
Фарида ХОЖАЕВА.
***
Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда "Зарафшон" ва "Самаркандсий вестник" газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев, Биринчи Президентимизнинг синфдош дўстлари И.Fофуров, Ш.Шаропов иштирок этиб, Ислом Каримов билан боғлиқ ва у иштирокчиси бўлган воқеалар ҳақида сўзлаб берди.
Ислом Каримовнинг ички ва ташқи низоларда босиқлик билан иш тутганлиги, кучли сиёсатчи бўлганлиги эътироф этилиб, таъкидланди.
Олим НОДИРОВ.
***
Биринчи Президентимиз И.Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан уюштирилган тадбир иштирокчилари дастлаб буюк давлат ва сиёсат арбоби ҳайкали пойига гуллар қўйишди.
"Нодир Самарқанд" меҳмонхонасида бўлиб ўтган семинарда СамДУ профессори С.Каримов ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб беришди. Семинар иштирокчиларига Буюк йўлбошчимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.
***
Самарқанд шаҳридаги 49-умумтаълим мактабида режалаштирилган Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тадбир Ислом Каримов ҳайкали олдида ташкил этилди. Ўқувчилар Буюк Йўлбошчимиз ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Гулихандон БОЛИБЕКОВА.