Ислом Тараққиёт банки Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига грант ажратди
2018 йилнинг 18 сентябрида Ислом Тараққиёт банки ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид меморандум имзоланган эди. Келишувга кўра, Ислом Тараққиёт банки Марказ учун грант ажратди. Грант пулларининг бир қисми Марказ илмий-тадқиқотлари учун муҳим бўлган қўлёзма манбалар ва китобларни сканер қилишга мўлжалланган аппаратга ва Марказ фаолиятини барқарор ривожлантиришга қаратилган.
2018 йилнинг декабрь ойида Ислом Тараққиёт банки ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида имзоланган меморандум бўйича ўзаро ҳамкорликнинг кейинги босқичи бўйича келишувга эришилди.
- Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ислом Тараққиёт банки Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази учун грант ажратган эди, - деди халқаро алоқалар бўлими ходими Фазлиддин Мадиев. - 2018 йилнинг ноябридан бошланган ҳаракатларимиз ниҳоят, бугун грант босқичининг уч томонлама розилик имзоси билан амалга ошди. Бу амалга оширилган лойиҳа асосида энди Марказимиз Германиянинг энг яхши фирмаларидан бири ZEUTSCHEL (Zoychel) нинг рақамли китоб сканери билан тўлиқ таъминланади ва марказ фондида сақланаётган барча маънавий бойликлар халқимизга ва мутахассисларга электрон тарзда етказиб берилади.