Ислом тараққиёт банки президенти Самарқандга келди
Бугун Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир бошчилигидаги делегация Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.
Юқори мартабали меҳмонлар марказ фаолияти ва вазифалари, яратилган шароитлар, кутубхона фонди ва музей фаолияти билан таништирилди. Ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган Мовароуннаҳр алломалари илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш истиқболлари тўғрисида ўзаро фикр алмашилди.
– Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоасининг илм йўлида эришаётган муваффақиятларини Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг яққол самараси сифатида баҳолайман ва Марказнинг ислом дини ривожи йўлида амалга ошираётган хизматларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайман, – деб таъкидлади Муҳаммад ал-Жассир жаноблари.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизмати.