Исрофгарчиликка чек қўйиш вақти келди

Қарор лойиҳасида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом ҳам келтирилган. Ушбу Низом тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Халқимизнинг миллий урф-одатлари, маънавияти, маданияти, анъана ва қадриятларини ҳурмат қилиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилади.

Низомга асосан, тўй-ҳашамлар соат 10:00 дан 23:00 гача, ош бериш маросимлари соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказилиши белгиланмоқда. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди. Тўй-ҳашамларда 150 нафаргача, ош бериш маросимларида 200 нафаргача киши қатнашади.
Қайд этилганидек, белгиланган одам сонидан ортган тўй-ҳашамларда тўй ва тўйхона эгалари маъмурий жавобгарликка тортилади. Ҳар бир туман ва шаҳар учун энг мақбул тўй услублари халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари, имом-хатиб, хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлимлари фаоллари иштирокидаги кенгашда тасдиқланиши керак. 

Шу билан бирга, Низомда халқимизнинг миллий анъаналарига ёт бўлган, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир вақтидаги ва кейинги қўшимча, яъни «танишув», «сеп ёйди», «қуда таниш», «ота кўрди», «ота келди», «чарлари», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «куёв навкари», «келин навкари», «келин салом», «тоғора юбориш» ва шу каби бошқа тадбирларни ўтказиш ман этилади. Шунингдек, «пул қистириш», «пул сочиш», «севги тарихи» («Love story») каби одоб-ахлоққа зид бўлган бошқа ҳолатларга ҳам чек қўйилади.
Низомга мувофиқ, депутатлик назорати натижалари бўйича маҳаллий урф-одатлар, миллий анъаналардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тегишли ҳудуддаги оилавий тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа қўшимча талаблар ҳамда тавсиялар белгиланиши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу қарор билан тўйлар ва маъракалардаги сарф-харажатларни қисқартириш, номақбул ҳолатлар ва исрофгарчиликларнинг олдини олиш масалалари ижобий ечимини топади. 

Саҳобиддин АРЗИҚУЛОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.