"Иссиқлик манбаи": Қозонхоналар иситиш мавсумига тайёрми?
2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини назорат қилиш Республика ишчи гуруҳи вилоятимиздаги иссиқлик таъминоти йўналишида ҳам ўрганишлар олиб борди.
Жорий йил вилоятдаги 22 та марказий қозонхона мукаммал ва жорий таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача улардан 4 таси мукаммал таъмирдан чиқарилган. Шунингдек, режадаги 24 локал қозонхона ва 124 та қозонни ўрнига 10 та локал қозонхона ва 25 та қозон жорий таъмирдан чиқарилди.
1964 йилда Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасида РК-1 марказий қозонхонаси ишга туширилган бўлиб, 93 та кўп қаватли уйларнинг 5280 та хонадонига ва 10 та корхона-ташкилотга уланган. Иссиқлик тармоқларининг узунлиги 15,4 километрни ташкил этади. Бироқ 2014 йилдан бери марказий қозонхона ўз фаолиятини тўхтатган. Бунга барча қозонлар, махсус асбоб-ускуналар ва иссиқлик узатиш қувурларининг 30 йилдан буён бирор марта алмаштирилмаганлиги сабабли яроқсиз ҳолга келган. Жумладан, кўп қаватли уйларнинг ички иситиш қувурлари ҳам бутунлай яроқсиз аҳволда.
Президентимизнинг қарорларига асосан, “Самарқанд шаҳридаги РК-1 марказий қозонхонасини реконструкция ва модернизация қилиш” лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра 2020-2021 йилларда янги қозонхона қурилиб қуввати 63 Гкал/соат ва 15,4 километр масофага замонавий иссиқлик узатиш қувурлари ўрнатилиши режалаштирилган. Лойиҳа бўйича тендер савдоларида “Элит Гранд” МЧЖ ғолиб бўлган. Ҳозирда молия вазирлиги мутахассислари томонидан ушбу лойиҳанинг манзилли дастури ишлаб чиқилмоқда. Шаҳарнинг Буюк Ипак йўли кўчасида жойлашган РК-2 марказий қозонхонаси 1968 йилда ишга туширилган бўлиб, 381 та кўп қаватли уйлардаги 18.864 та хонадон ва 22 та корхона-ташкилотларни иситиб келган. Бироқ у ҳам 2016 йилдан бери ишламайди.
Жаҳон банки томонидан ажратилган 30,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари ҳисобидан «Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Унга кўра, 38,8 километр масофага замонавий иссиқлик тармоқлари ва 418 та иссиқлик тақсимлаш пунктлари ўрнатилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги РК-2 қозонхонасида лойиҳа қиймати 235 миллион АҚШ долларига тенг бўлган когенерация технологияси асосида иш олиб борилиши кўзда тутилган бўлиб, бу борада “Ўзкоммунхизмат” уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Жаҳон банки, жаҳон консалтинг компанияси ҳамда “СЕСТ Инфраструктурный Консалтинг” МЧЖ (Россия) билан шартнома имзоланган. Жорий йил 10 апрель куни амалий ишлар бошланганлиги тўғрисида билдиришнома келган бўлса-да, лекин ҳануз тендер ўтказиш учун ҳужжатлар тайёрланмаган.
Нуробод шаҳридаги Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли 1974 йилда ишга туширилган қозонхона ҳозирда вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК балансига ўтказилган. Мазкур қозонхона 93 та кўп қаватли уй, 63 та коттеж, 33 та корхона ва ташкилот, шунингдек, комбинатнинг 28 та объектларига 24 соат мобайнида иссиқ сув ва иссиқлик етказиб беради. Аммо, куз-қиш мавсумида қозонхонада газ босими етарли бўлмайди.
Вилоят уй-жой коммунал хизмат
кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати.