Истанбулнинг миноралари ҳақида қизиқарли маълумотлар

Истанбул – икки қитъада жойлашган ягона шаҳарлиги, маданий ёдгорликлари, хушманзара соҳиллари, узоқ ўтмишга бориб тақаладиган қалъалари, муҳташам саройлари билан ном қозонган шаҳар.

Галата минораси: Истанбул силуэтининг абадий рамзи

Шаҳарнинг рамзий обидаларидан саналган бу минора Истанбулнинг Европа қисмида Босфорга қараган ҳолатда қад ростлаган баланд бинодир. Қолаверса, Галата дунёдаги энг қадимий қалъаларидан бири бўлиб, унинг ғиштли фасади, равоқли деразалари ва ажойиб конуссимон томини мужассам этган ноёб архитектураси Истанбул кўркига кўрк қўшади.

Дастлаб Шарқий Рим императори Юстиниан томонидан 528 йилда қурилган ва 1384 йилда асосан Генуядан келган италиялик муҳожирлар жамоаси томонидан қайта қурилган минора империяларнинг юксалиши ва қулашига гувоҳ бўлган ва турли вазифаларни бажарган. Ривоятларга кўра, Усмонийлар даврида яшаган турк олими Ҳезарфен Аҳмад Чалабий бир марта минора тепасидан қуш қанотига ўхшаш қанотларни қўлларига боғланган ҳолда Ускударга учиб кетган экан.

Минорага кўтарилганда инсон ўзини гўё Истанбулнинг энг панорамали манзаралари орасида учаётгандек ҳис қилади. Қизиғи шундаки, минорага ким билан чиқса, ўша билан турмуш қуради, деган гаплар ҳам йўқ эмас.

Қиз минораси: Босфорнинг сокин кузатувчиси

Истанбулнинг энг машҳур ва энг кўп зиёрат қилинадиган рамзларидан бири бўлган Қиз минораси (Kız Kulesi) Босфор бўғозидаги кичик бир оролда жойлашган.

Милоддан аввалги V асрда божхона назорати пункти сифатида қурилган минорадан тарих давомида кузатув майдончаси, маёқ ва карантин ҳудуди сифатида фойдаланилган. Пухта реставрациядан сўнг 2023 йилда ёдгорлик ва музей сифатида қайта очилди. Қиз минорасидан бутун шаҳар кафтдек намоён бўлади, баланддан туриб Истанбулнинг ҳақиқий манзарасидан баҳра олиш мумкин.

Бир ривоятга кўра, башоратчи подшоҳга қизи илон чақиши туфайли ўлишини айтади. Шундан сўнг, подшоҳ маликани ўлимдан асраш учун қирғоққа ушбу минорани қурдиради. Бироқ, у ўз тақдиридан қочиб қутула олмайди: қасрга мевали сават билан кирган илон маликани чақиб ўлдиради.

Беязит минораси: Ёнғинни аниқловчи минора

Беязит минораси Беязит майдонидаги Истанбул университетининг асосий кампусида жойлашган яна бир тарихий ёдгорликдир. Минора шаҳарнинг 360 градуслик кўринишини кузатиш вазифасидан ташқари, турли хил рангларни акс эттирувчи ёруғлик тизимлари орқали об-ҳаво маълумотлари ҳақида ҳам хабар беради. Қизил ранг қор ёғишини, мовий ранг очиқ об-ҳавони, яшил ранг ёмғир ёғишини, сариқ ранг туманни англатади. Албатта, Беязит минораси ҳам чуқур тарихга эга. Тарихий ярим оролда кўплаб рамзий иншоотларга яқин жойда жойлашган минора Усмонийлар султони Маҳмуд II нинг буйруғи билан ёнғинни кузатиш ва хабар бериш мақсадида ёғочдан қурилган. Юқоридан шаҳарнинг узоқ масофали кўринишини таъминлайдиган илк минора бўлиб, у ёнғин ўчоқларини аниқлашга хизмат қилган.

Бироқ Истанбулдаги катта ёнғин пайтида минора ёниб кетган. Ниҳоят, 1828 йилда унинг ўрнига Усмонли барокко услубида тош минора қурилган. Бугун ушбу тош минорага бориб, Катта бозордан тортиб Аясофиягача бўлган кўплаб тарихий диққатга сазовор жойларни кўриш мумкин.

Чамлижа минораси: Минораларнинг энг баланди ва энг янгиси

Шаҳарнинг табиий чўққиларидан бири бўлган Кичик Чамлижа тепалигида жойлашган Чамлижа минораси энг янги минора бўлиб, Истанбулдаги энг баланд иншоот ва Европадаги энг баланд миноралардан бири ҳисобланади.

49 қаватдан иборат ва 369 метр баландликдаги минора теле ва радиоэшиттиришлар учун амалий фойдаланишдан ташқари, 360 даражалик кузатув майдончаси, ресторан, катта кинотеатр ва Миссион Моон симуляция майдонига ҳам эга.

Зилола тайёрлади.