Жамоат ишидагилар қанча ҳақ олади?

Кейинги вақтда ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ҳақида кўп гапириляпти. Маҳаллаларни ободонлаштириш дейсизми, хизмат кўрсатишми – турли соҳаларда жамоатчиларни кўриш мумкин. Аммо бу қандай меҳнат тури? Сўровларимиз давомида кимдир уни ўзини ўзи банд қилиш билан адаштирган бўлса, баъзилар суд ҳукми асосидаги мажбурий меҳнат деди. Аслида-чи?

Қонунчилигимизга кўра, ҳақ тўланадиган жамоат ишлари деганда ҳаммабоп, одатда, белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар учун уларнинг махсус, дастлабки касб тайёргарлигини талаб қилмайдиган меҳнат фаолиятининг вақтинча турлари тушунилади. Улар буюртмачиларнинг сўровига кўра 2 ҳафтадан 6 ойгача ишга ёлланиши мумкин.

— Жамоат ишларига ҳудудий камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаларига муро­жаат қилган, бироқ меҳнат бозорида талаб бўлган бирорта малакаси йўқ фуқаролар жалб қилинади, - дейди Жамоат ишлари жамғармасининг вилоятдаги вакили Акмал Муртазоев. – Мисол учун, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, саноат тармоқларида ва хизмат кўрсатишда, шунингдек маҳалла раисининг ёрдамчиси вазифаларига сўровлар кўп бўлди. Кўпчилик бундай ишларга жалб қилинганларни волонтёрлар билан адаштиради. Айтиш жоизки, жамоат ишларига жалб қилин­ганлар ишининг мураккаблигига қараб ҳақ олади. Бугунги кунда энг кам миқдори 1 миллион 161 минг 300 сўмни ташкил этмоқда. Бу маблағ агар буюртмачи буджет ташкилоти ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бўлса, 100 фоиз миқдорда, агар у бошқа ташкилот, жумладан, тадбиркорлик субъекти, нодавлат нотижорат ташкилоти бўлса, 50 фоиз миқдорда жамғарма ҳисобидан тўлаб берилади.

Маълумотга кўра, 2023 йилда вилоятимизда 8442 нафар фуқаро, шундан 4365 нафари оғир шароитда яшаётган хотин-қиз ва 1637 нафар ёшлар жамоат ишларига жалб қилиниб, уларга 9658,7 миллион сўм иш ҳақи тўланган. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 1030 нафар фуқаро ишга жалб қилиниб, уларнинг иш ҳақига 692,4 миллион сўм ажратилган.

Жорий йилнинг 20 январидан республика штабининг “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш ишларини тизимли ташкил этиш ва амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги йиғилиш баёнига асосан вилоятимиздан танлаб олинган 4 та маҳаллада ободонлаштириш ва кўкаламзорлашти­риш ишларини амалга оширишга 166 нафар жамоатчи ишчи жалб қилинган. Жумладан, Тойлоқ туманидаги Тепақишлоқ маҳалласига 34 нафар, Каттақўрғон туманидаги Мелихўжа маҳалласига 52 нафар, Иштихон туманидаги Қиёт маҳалласи ҳамда Паст Дарғом туманидаги Гўзалкент маҳаллаларига 40 нафардан фуқаро жалб қилиниб, уларга 393,2 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилган. Эътиборлиси, бу жамоатчилар Ўзбекистондаги энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробаридан кам ҳақ олгани йўқ.

— Жамоат ишлари вақтинчалик ечим эканлигини тушунишимиз керак, - дейди A.Murtazoyev. – Бу фуқарога уларнинг касби ёки ҳунарига мос бўш иш ўрни топилгунча даромад қилиш имкониятини беради. Агар мос иш ўрни топилмаса, улар бандлик идораси­нинг йўлланмаси асосида янги касбга ўқитилади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, жамоат ишлари ва мавсумий ишларга жалб қилинган фуқаролар ҳуқуқлари ҳам барча меҳнат муносабатлари иштирокчилариники сингари тенг тамойиллар асосида ҳимоя қилинади. Уларга жамғарма томонидан ҳақ тўланиши учун иш берувчи билан муддатли меҳнат шартномаси тузилиши шарт. Бу эса ўз-ўзидан ноқонуний меҳнат фаолиятининг олдини олишга хизмат қилади.

Асқар БАРОТОВ.