Жамоатчиликка пора бериб бўлмайди
Самарқандда “Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлими, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассосциацияси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда коррупцияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини ошириш масаласига урғу берилди.
- Бугун коррупцияга қарши курашда дунё миқёсида, мамлакатимиз учун ҳам энг мақбул усуллардан бири, бу – жамоатчилик назоратидир, - дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Элёр Улуғмуродов. – Жамоатчилик назоратининг нодавлат нотижорат ташкилотлари қўллаш мумкин бўлган эшитув, мониторинг каби бир нечта турлари мавжуд. Афсуски, бугун улардан самарали фойдаланилмаяпти.
Гарчи мамлакатимизда коррупцияга қарш кураш бўйича барча халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, миллий қонунчилигимизда бу масалада ҳуқуқий асослар етарли бўлса-да, уларни амалиётга жорий этишда қатор муаммолар юзага келмоқда. Афсуски, бугун жамоатчилик назорати тушунчасини бугун кенг аҳоли тўғри маънода қабул қилмаяпти. Аслида мактабни ўқувчи, олий таълим муассасасини талаба назорат қилиши керак. Бу даргоҳларда юз бераётган ноҳақлик албатта тегишли тартибда етказилиши керак. Чунки бошқа иллатлар қатори коррупцияни ҳам юқоридан туриб назорат қилиб бўлмайди, шундай экан, бюрократия авж олади.
Анжуманда, шунингдек, дунё миқёсида коррупциянинг олдини олишда фойдаланилаётган усуллар, фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши кураш борасида ижтимоий лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш шартлари бўйича мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.