Жисмоний маданият фани билимдони эди

Ўтганларнинг номини ёд этиш, хотирасини ҳурмат билан эслаш, уларнинг руҳларини шод қилиш муқаддас қадрият сифатида қон-қонимизга сингиб кетган. Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг эзгу амали, қилган яхши ишлари, фазилатлари бир умр фарзандлар, шогирдлар, хотирасида мангу сақланади.

Ана шундай инсонлардан бири умрини спортни ривожлантиришга бағишлаган, жисмоний маданият факультети ўқитувчиси Эшназар Эрматовдир.

Э.Эрматов 1965 йил 22 февралда Паст Дарғом туманининг Янгийўл қишлоғида туғилди. Мактаб таълимидан сўнг Самарқанд давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия факультетида таҳсил олди.

Институтни тугатгач, дастлаб Паст Дарғом туманидаги мактабда ва кейинчалик жисмоний маданият факультетида ўқитувчилик қилди. Шу билан бирга педагогика факультетида аспирантуранинг сиртқи бўлимини тугатди.

Эшназар Эрматов 2007-2009 йиллар жисмоний маданият факультети деканининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, 2009-2011 йилларда жисмоний маданият ва спорт турларини ўқитиш методикаси кафедраси мудири лавозимларида ишлади.

Э.Эрматов ҳар жабҳада камтаринлиги, билим ва тажрибаси билан оиласига, жамоадошларига ўрнак эди. У талабалари билан кўплаб ютуқ ва совринларга эришди, кўплаб шогирдлар тайёрлади.

Устоз илмий-педагогик фаолияти давомида 100 дан зиёд мақола ва тезислар, 3 та ўқув қўлланма ва тавсияномалар чоп эттирди. Бугун домла қолдирган илмий мерос мамлакатимиз олий ўқув юртлари, жисмоний маданият факультетлари талабалари ҳамда ёш олимлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

СамДУ жисмоний маданият факультети спорт турларини ўқитиш методикаси кафедраси мудири ва кафедра ўқитувчилари.