Жиззах гарнизонида ҳарбий меҳмонхона фойдаланишга топширилди (фото)
Марказий ҳарбий округ ҳудудида жойлашган Жизззах уй-жойдан фойдаланиш қисмига қарашли ҳарбий меҳмонхона фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур меҳмонхонанинг очилиш маросимида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Жиззах гарнизони ҳарбий хизматчилари ҳамда ишчи-ходимлар иштирок этди.
Барча қулайликларга эга бўлган меҳмонхона бир вақтнинг ўзида хизмат сафари учун келган 25 нафардан зиёд ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун мўлжалланган. Меҳмонхона бир ва кўп ўринли ётоқхона, ошхона, мижозларга маиший хизмат кўрсатиш ҳамда китоб мутолаа қилиш учун махсус хоналарга бўлинган.
Шу билан бирга бу ерда 5 нафар ходим учун янги иш ўринлари яратилди. “Жиззах строй монтажналатка” ва “Юксалиш АШР Люкс” МЧЖ ишчи ва ходимлари томонидан қисқа фурсатда реконструкция қилинган ушбу меҳмонхонага қарийб 700 миллион сўм маблағ сарфланган.
Тадбирда бинонинг таъмирлаш ишларида жонбозлик кўрсатган қурувчиларга Марказий ҳарбий округ қўмондони, полковник Айбек Саидов томонидан эсдалик совғалари топширилди.