Жомбойда 189 та шахс жавобгарликдан озод этилди

2020 йилнинг 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз суд идорасига келган ҳар бир шахс адолат борлигига ишониши кераклигини алоҳида таъкидлади. Эътиборлиси, суд тизимини “Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди.

Хўш, бу нимани англатади. Суд бошқа давлат ҳокимияти органларидан мустақил тизим ҳисобланади. У фақат ва фақат қонунларга, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатлари ҳимоясига таяниб иш кўриши зарур. Ўз номи билан ҳам соҳанинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “Ишларни назорат тартибида кўриш” амалиёти судлов органлари тамойилларига мос келмайди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу амалиётдан тўлиқ воз кечилиши назарда тутилмоқда. Тадбирда судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишига таъсир ўтказувчи омиллар, хусусан, Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифи илгари сурилди.

Бундан ташқари, Президент хусусий мулк қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши, ерга бўлган ҳуқуқ кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарурлигини таъкидлади.

Маълумот учун, сўнгги бир ярим йилда судлар томонидан ҳокимларнинг ер ажратиш, бино-иншоотларни бузиш ва хусусийлаштиришга оид 1730 та қарори бекор қилинган. Шунингдек, ер муносабатлари билан боғлиқ 1000, уй-жой бузилишига доир 51, хусусийлаштиришга оид 62 та ҳолатда фуқароларнинг ҳуқуқи тикланган.

Демоқчимизки, бундан буён биз, судьялар ҳам ўз вазифамизга янада маъсулият билан ёндашишимиз талаб этилади. Умуман, ҳар бир суд органи амалга оширилаётган ишлар сарҳисобини юритиши мақсадга мувофиқ.

Жомбой тумани маъмурий суди томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида одил судловни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 841 та шахсга нисбатан 652 та маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишлар кўрилди. Шундан 381 шахсга инсонпарварлик тамойили асосида енгил жазо чораси қўлланди. Шунингдек, 189 та шахс жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, 104 та ишни кўриб чиқиш жараёнида судланувчиларда ҳуқуқбузарлик аломати бўлмаганлиги ёки белгиланган қўшимча муддатларда ҳолат бартараф этилгани инобатга олинди.

Олдимизга аҳоли ичига кириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида фаол иштирок этиш вазифаси ҳам бор. Бинобарин, ишларнинг қарийб 50 фоизи сайёр тартибда ўтказиляпти.

Мақсадимиз халққа янада яқинроқ бўлиш, адолат тамойилларининг жамият ҳаётида мустаҳкам қарор топишига эришишдир. Зеро, бу қонун устиворлигини таъминлашнинг энг асосий йўналишларидан бири саналади.

Умида ВАҲОБОВА,

Жомбой тумани маъмурий суди раиси.