Жомбойлик онахон 74 ёшида паспорт олди ва пенсияга чиқди

Аввал хабар берганимиздек, Жомбойлик Офтоб ая Ортиқованинг туғилганлиги орадан 74 йил ўтиб қайд қилинган эди. Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2022 йил 9 июндаги ҳал қилув қарорига асосан далолатнома ёзуви қайта тикланиб, Жомбой туман адлия бўлимининг ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик гувоҳномаси топширилган эди.
Фуқаронинг туғилганлик гувоҳномаси йўқлиги оқибатида шахсини тасдиқловчи паспорт ололмагани, бундан ташқари, ёши бир жойга бориб қолган бўлса-да, ҳалигача пенсияга чиқа олмаганини маълум қилган эдик.
Гувоҳнома олгач аянинг ҳаётида туб бурилишлар содир бўлди. ФҲДЁ бўлими мудираси Г.Бадриддинова ҳамда Жомбой туман ҳокимининг “Вазира” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Ш.Эргашев аралашуви билан туман ИИБ томонидан фуқарога паспорт расмийлаштирилиб берилди. Ҳали бу ҳаммаси эмас, ая шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ёрдамида пенсияга чиқди.
Мазкур воқеа адлия органларининг халқ орасига кириб бораётгани, жойларда ўтказилаётган “маҳаллабай” ўрганишлар, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самарасидан дарак беради.
Мансур Ҳасанов,
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчи