Жон Керри: БМТ 70 йил аввал Нью-Йоркда эмас, бир неча юз йиллар аввал Самарқандда ташкил этилган

“Биз Бирлашган Миллатлар ташкилоти бундан 70 йил аввал Нью-Йоркда ташкил этилган, деб ҳисоблаймиз. Йўқ. Аслида бу ҳодиса бир неча юз йил аввал Самарқандда юз берган…”.
Биз АҚШнинг собиқ давлат котиби Жон Керрининг бу тарихий баёнотини ўтмишимиз ҳақида ҳаминқадар билимга эга эканлигимиз борасидаги маълумот, деб ҳам қабул қилсак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Негаки, бу янгиликни АҚШ давлат котиби эмас, аслида аллақачон биз исбот қилган ва Жон Керрига бундай тарихий имконият қолдирмаслигимиз керак эди. Минг афсуски, ўтмишимизнинг босқинчилар қўлида бўлиб қолгани тарихимиз ҳақидаги энг муҳим бундай баёнотни айтишни бизга эмас, Жон Керрига муносиб кўрди.
Европаликлар биз ҳақимизда нега биздан кўра кўпроқ ва яхшироқ билади, деган савол тарихимизга қизиқадиган ҳар қандай ватандошимизни доимо қийнаб келади. Табиийки, бу саволга жавоблар турлича ва ранг-баранг.
Француз олими Люсьен Керен ва ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Акмал Саидов ҳаммуаллифлигидаги “Амир Темур ва Франция” китобини ўқир эканман, юқоридаги саволларга қисман жавоб топгандек бўлдим.
Европа Ўрта Осиёга қизиқишининг сабаби аслида “Кўҳна қитъа” билан Йилдирим Боязид муносабатларидаги таранглик унинг келажагига соя сола бошлаганидир. Айни шу даврдан Амир Темур давлатига Европанинг қизиқиши ниҳоятда ортиб, бу борада маълумот тўплаш кескин ошган. Европаликлар ўзлари тўплаган барча ахборотларни таҳлил ва таҳрир қилган ҳолда, архивлаштириб борган ва Темур давлати ҳақида маълумотлар базасини яратган. Чунки Йилдирим Боязиднинг Европани босиб олиши аниқ бўлиб қолгач, улар фақат Амир Темурни ўз нажоткори сифатида кўрган. Бу пайтда Европада аҳвол жуда оғир ва фитналар кўп эди. Клавихо ҳам бу борада ўз китобида таъкидлаб ўтади. Ҳатто пойтахтида қамалда қолган Иоанн VII Боязидга Темурни енгган тақдирда Константинополни унга ҳадя этишни ҳам ваъда бергани ҳақида маълумотлар бор.
Ўша давр Европа ҳукмдорлари орасида Кастилия ва Леон қироли Дон Энрике III Шарққа алоҳида қизиқиш билдирган. У 1402 йилда Кичик Осиёга ўз элчиларини юборар экан, уларга “бу олис юртлар халқларининг урф-одатлари, хулқ-атвори, дину эътиқоди, куч-қудрати ва мақсад-муддаолари-ю етказадиган манфаатлари тўғрисида” маълумотлар йиғиб келишни буюрган.
Амир Темурнинг Европа учун “умид чақмоғи” бўлгани ҳақида британиялик олим Ҳилда Ҳукҳем бундай ёзади: “Амир Темур насронийлик учун ноқулай бир пайтда Европа уфқида пайдо бўлган эди. Буюк парчаланиш лотин черковига путур етказгани, ўлат касаллигининг тарқалиши феодал князлар ўртасидаги низолар билан қоришиб кетгани, дарвозалари олдида Усмоний турклари турганидан силласи қуриган Византия салтанати ўз тақдирининг қандай кечишини ожизона итоаткорлик билан кутаётган эди.”
Амир Темурнинг 35 йиллик ҳукмронлиги ва 27 мамлакатни бирлаштирган улкан салтанати албатта, Европанинг унга нисбатан қизиқишини орттирмасдан қўймас эди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, Амир Темур Европада тўпланган маълумотларда буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан ҳомийси сифатида таърифланади. Айнан мана шу таърифлар Европа қиролларини ҳам унингдек бўлишга илҳомлантирган бўлиши шубҳасиз. Бу эса Европанинг илм-фан ва тараққиётда илғорлашишига сабаб бўлганига исботдир.
Амир Темурнинг исломий демократик давлат бошқаруви ҳам Европа қиролликларига манба бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин. Негаки, бундай катта салтанатни демократик тамойилларсиз бошқариб бўлмаслиги аниқ эди.
Амир Темур ва унинг салтанати ҳақида Клавихо кундаликларидан олдин ҳам маълумотлар тўпланган бўлса-да, аммо унинг асари Европада жуда машҳур бўлиб кетади. Албатта, бунинг бир неча сабаблари бор. Улардан бири Клавихо Амир Темурни шахсан кўргани ва эсдаликларни чиройли тилда баён этганидир. Бу унинг ўзига хос изланиши ва тадқиқоти эди. Клавихонинг бу китоби 1582 йилдаёқ Испаниянинг Севилья шаҳрида Арготе де Молина томонидан нашр қилинади.
Яна бир аҳамиятли жиҳати Амир Темурни шахсан кўриб у ҳақда хотира ёзган тарихчилар сони тўртта бўлиб, улардан иккитаси осиёлик ва иккитаси европаликдир. Булар –Ибн Арабшоҳ, Ибн Ҳалдун, архиепископ Иоанн ва Клавихо. Яна бир европалик муаллиф – Амир Темурнинг шахсий соқчиси бўлган немис зодагони Иоҳанн Шилтербергер (1380-1440) хотиралари ҳам Европа давлатларида шуҳрат қозониб, 1460 йилда Аугсбергда эълон қилган. Хусусан, христиан дунёсининг раҳномоларидан бири, 1458-1464 йилларда Рим папаси бўлган Пий I ўзи муаллифлик қилган тарихий асарнинг бутун бир бобини Амир Темурга бағишлаган.
Шунингдек, Рим папаси Пий II, папа Лев ва папа Клемент VII саройига келган Жиаво, Испания қироли Филипп II мулозими, географ Ортелей, Муқаддас Рим императори Карл V нинг муаррихи Пердо Мехсия ҳам Соҳибқирон ҳақида китоблар битган.
Англияда эса Амир Темурга оид манбаларни грек, лотин, француз, испан тилларидан таржима қилишга ўша пайтдаёқ киришилган. Паоло Жиаво тадқиқоти 1546 йилда Питер Эштон томонидан инглиз тилига ўгирилгани шулар жумласидандир.
Византия тарихчиси Лаоник Калкондил ёзган 14 бобдан иборат “Турклар салтанатининг қарор топиши тарихи” асарининг биринчи жилди тамоман Соҳибқиронга бағишлангани ҳам Темур давлатига қизиқиш ва тадқиқот кўлами нақадар катта бўлганини билдиради.
Ҳозирги кунда Венеция архивларида Амир Темурга оид ҳужжатлар сақланмоқда. Шаҳар маъмурияти ХIV аср охири ва ХV асрнинг илк йилларида Соҳибқирон тўғрисида жуда кўп маълумот тўплаган.
Эммануил Пилотти 22 йил давомида Мисрда яшаган, араб тилини мукаммал билган, Миср султони Фаражнинг яқин кишиси бўлган. У Амир Темурнинг Дамашқ юриши ҳақида маълумотлар тўплаган. Бу маълумотлар Венеция архивида сақланади ва ҳалигача нашр қилинмаган.
Паоле Зане эса 1400 йилда Венециянинг Дамашқдаги консули бўлган. Венеция сенатининг топшириғи билан Амир Темур ҳақида маълумотлар тўплаган. Бу маълумотлардан иборат йиғма жилд ҳам ҳалигача Венеция архивида сақланмоқда ва чоп этилганича йўқ.
Европа давлатларининг бир нечтасидан Самарқандга элчилар доим келиб турган бўлса-да, аммо Самарқанддан Европа мамлакатларига элчи қилиб жўнатилган кишилар ҳақида манба деярли йўқ. Бироқ Темур салтанатининг табиатидан келиб чиқсак, Европа ва Хитой ҳақида маълумотлар тўпланмасдан қолмаслиги мумкин эмас. “Франклар фаолиятининг даврий қайдномаси”да Султония архиепископи Иоанн 1403 йилнинг май ойида Амир Темурнинг элчиси сифатида Парижга боргани ва Қирол, герцоглар ва бошқа кўплаб шахслар ҳузурида тантанали шароитда ўз ташрифидан кўзланган мақсадларни баён этгани бу фикрни тасдиқлайди.
Тарихий манбаларда ёзилишича, 1402 йилнинг 28 июлида Соҳибқироннинг ғалабаси билан тугаган жанг гувоҳлари орасида Кастилия ва Леон қироли Дон Энрике III томонидан Амир Темур ҳузурига юборилган элчилар – Пайо де Сото Майор ва Ҳернен Санчес де Паласуелос ҳам бўлган. Амир Темур уларни қабул қилиб, совға-саломлар берган ва улар билан бирга ўзининг қобилиятли бекларидан бири Муҳаммад Кешийни мактуб ва совғалар билан Кастилияга элчи қилиб жўнатган.
Мухтасар қилиб айтиш мумкинки, Европада Ўрта Осиё ҳақида маълумотлар тўпланишига Амир Темур ва у барпо этган улкан салтанат сабаб эди. Европаликларнинг Ўрта Осиё ва дунё ҳақида маълумот тўплаб, тадқиқот олиб бориши ва давлат бошқариш борасида Соҳибқирон тузган давлатдан намуна олганини тарих исботламоқда.
Фазлиддин МАДИЕВ.