Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жонли ижрода куйлайдиган санъаткор қадрланади

Президентимизнинг 2020 йил 26 майда қабул қилган “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони маданият ва санъат соҳасидаги бир нечта тармоқлар қамраб олинган. Жумладан, биз, санъаткорларга ҳам жуда катта имконият ва имтиёзлар яратилди.

Ҳар бир санъаткор учун яккахон концерт дастурини намойиш этиш, ўз ижодидан халқни баҳраманд қилиш қалбидаги энг улуғ истаклардан бири. Аммо нуфузли маданият муассасаларида концерт намойиш этиш анчагина маблағ талаб этади. Истеъдодли санъаткорларимиз орасида бутун ижоди давомида бирор марта ўз концерт дастурини намойиш этмаганлари ҳам бор. Ваҳоланки, ажойиб ижро ҳам, маҳорат ҳам, соҳир овоз ҳам уларда бор. Халқ уларнинг куйларини интизорлик билан кутади.

Қарорга кўра, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартибининг жорий этилиши мана шундай истеъдодли санъаткорларимизга бўлган эътибордир. Шунингдек, ҳақиқий санъат ихлосмандларини яна қайта санъат оламига жалб этишдир. Чунки одамлар фонограмма асосидаги ижродан чарчади. Жонли ижрони соғинганлар кўп. Олдинлари тўйларимизда ҳам санъаткорларимиз жонли ижрода қўшиқлар куйлаб, халқнинг олқишига сазовор бўларди. Бугун эса тайёр мусиқани қўйиб, концерт бераётганлар талайгина. Ижара тўловидан берилган чегирма эса истеъдодли санъаткорларимизнинг ижодини янада қўллаб-қувватлаб, ёшларимизга кенг имкониятлар эшигини очади, деб ўйлайман.

Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг ҳар йили тасдиқланадиган календарь режа асосида ўтказилиш ҳам санъаткорларнинг йил давомида ўз ишларини режалаштиришларига бир имкониятдир.

Бизни қувонтиргани эса Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Ўзбек мақом санъати факультети” ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ва Республика мусиқа ва санъат коллежи ташкил этилиши бўлди.

Ушбу даргоҳлар вилоятимизнинг чекка ҳудудларида камол топаётган ёш соҳир овозларнинг камол топишига замин яратади.

Жаҳонгир НИЁЗОВ,

Ўзбекистон давлат филармонияси Самарқанд вилоят бўлинмаси директори.