ЖССТ раҳбари пандемиянинг ўта хавфли босқичи бошланганини айтди

– Коронавирус пандемиясининг ўта хавфли босқичи келди, – деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус. – Ҳозирда вирусга қарши курашиш воситалари, аввало, вакцинага эга бўлган давлатлар чекловни юмшатмоқда. Шу билан бир пайтда самарали даволаш имконига эга бўлмаган мамлакатлар касалланиш ва ўлим тўлқинларига дуч келмоқда. Бу вазиятни вируснинг янги турлари кучайтирмоқда.

Гебрейесуснинг фикрига кўра, бундай вазиятдан чиқишнинг ягона йўли – бу мамлакатлар ўртасида тест, вакцина, дори-дармон ва ҳимоя воситаларини адолатли тақсимлашдир.

"Бу ракета қурилиши ёки хайрия эмас. Бу жамоат манфаатига жавоб берувчи соғлиқни сақлашнинг оқилона хизмати", дея қўшимча қилди у.

Ташкилот раҳбари ижобий томонга ўзгаришга умид борлиги, хусусан, бу COVAX вакцина тарқатиш дастури эканлигини таъкидлади. У мамлакатларни ушбу йўналишда ҳаракатини кучайтиришга чақирди.

COVAX - Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан «Вакциналар ва иммунизация бўйича Глобал Альянс (GAVI) ҳамда қудратли ишлаб чиқаришни яратувчи, савдо-сотиқни амалга оширувчи Эпидемик тайёргарлик инновациялари Коалицияси билан биргаликда ишлаб чиқарилган халқаро механизмдир. Дастур шартларига кўра, юқори даромадли мамлакатлар молиялаштириш зарур бўлган давлатларни субсидиялаштирган ҳолда вакцина сотиб олади.

ЖССТ маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан бери дунёда 184 миллионга яқин коронавирус инфекцияси қайд этилган, деярли 4 миллион бемор вафот этган. Ўтган кун давомида юқтирганлар сони 326 минг нафарга, ўлимлар 6347 нафарга ошди.