ЖССТ Хитой пандемия тўғрисида кеч эълон қилганини ошкор қилди
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)дан коронавирус келиб чиқишини ўрганаётган тадқиқотчилар Хитойда пандемия ҳақида кеч эълон қилинганлиги ҳақидаги маълумотларни аниқлашди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Улар коронавирус илк бор аниқланган Уханга ташриф буюриб, унинг тарқалиши Хитой ҳукумати эълон қилишидан олдин бошланган, деган хулосага келишди.
ЖССТ миссиясининг етакчи тадқиқотчиси Питер Бен Эмбарекнинг айтишича, Ухан шаҳрида вируснинг ўндан ортиқ штаммлари 2019 йил декабридаёқ аниқланган. "Вирус декабрь ойида Ухан шаҳрида тарқалиб улгурган. Бу янги кашфиёт", деди эксперт. Хитой томони ўша йили 8 декабрда касалликни юқтирган одам билан мулоқот қилишга имкон берди.
Мутахассиснинг айтишича, хитойлик олимлар тадқиқот гуруҳига 2019 йил декабрь ойида Ухан шаҳрида коронавирус инфекцияси билан рўйхатдан ўтган 174 ҳолат тўғрисида маълумот тақдим этди. Улардан 100 таси лаборатория текширувлари билан тасдиқланган, яна 74 тасига симптомга асосланиб клиник ташхис қўйилган.
Маълумки, коронавирус касаллигининг 15 фоизигина оғир кечади. Шунинг учун эксперт эпидемия бошланишидан олдин кўп ҳолатлар аниқланмаганлиги, уларнинг декабрдаги умумий сони минг кишидан ошган бўлиши мумкинлигини истисно қилмади.
Аввалроқ, халқаро миссия мутахассислари Хитой ҳукумати ЖССТ экспертларига мамлакатда коронавирус инфекциясининг дастлабки ҳолатлари тўғрисида «хом» маълумотларни тақдим этишдан бош тортганлигини маълум қилишган эди. Австралиялик олим Доминик Дуайер Пекин тадқиқотчиларга бор-йўғи бир нечта намуна кўрсатганини тушунтирди.
Бунгача ҳам ЖССТ мутахассислари коронавирус пандемияси бошланиши санасига шубҳа қилишган эди. Уларнинг фикрича, вирусни Хитойда тарқалиши расмий эълон қилинган 2019 йил декабридан олдинроқ тарқалган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.