Журналистнинг нони қаттиқ, аммо завқи ўзгача

Соҳада кўп йиллик тажрибага эга устоз ижодкорлар, нафақадаги фахрий журналистлар салоҳиятидан фойдаланиш, жойларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиш анъанасини давом этмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири бугун Самарқанд вилояти Матбуот уйида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газетаси ҳамкорлигида ташкил этилди. “Журналистик касбидан қадр топганлар” мавзусида ўтказилган мазкур давра суҳбатида “Зарафшон” газетасида 30 йил давомида ҳарф терувчи бўлиб ишлаган, ўзининг қутлуғ 85 ёшини нишонлаётган Насиба Турсунова, умрининг ярмидан кўпроғини матбуотга бағишлаган 75 ёшли Ўринбой Норматов ҳамда талабаликдан “Ургут садоси” газетасида ишлаб, оддий мухбирликдан масъул котибгача бўлган йўлни босиб ўтган 70 ёшли Матлаб Ҳасановнинг ижоддаги фаолияти эсга олинди.

Уюшманинг вилоят бўлим раиси А.Ҳайдаров олиб борган тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ф.Тошев устозларнинг ўша даврдаги фаолияти давомида нафақат фидойи ижодкор ходим бўлгани, балки ишлаган даврида кўплаб шогирдларга устозлик қилганини таъкидлади. Вилоят телерадиокомпанияси директори М.Ихтиёров, вилоят “Овози Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Б.Раҳмонов ҳамда устоз журналистлар “Нафақадаман, кексайиб қолдим”, демай айни вақтда ҳам Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси сифатида ёш ижодкорларга касб сирларини ўргатиб келаётган фахрий журналистларни алоҳида тилга олишди.

Устозлар газета чиқаришдаги ўша даврнинг машаққати, масъулияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Иш жараёнида бўлган қизиқарли воқеалар эсланди.

-  Ҳаётимнинг 30 йили “Зарафшон” газетасида ҳарф терувчи сифатида ўтган, - дейди Насиба Турсунова. - Албатта, ишдаги қийинчиликлар, эски машкинкаларда ҳарф теришнинг машаққати бўлган. Лекин менинг завқли онларим ҳам ўша даврда ўтган. Қизиқарли суҳбатлар, воқеалар ҳамон кўз ўнгимда гавдаланади. Мана шу каби учрашувлар бизни ўша даврга бир оз бўлса-да саёҳат қилишга сабаб бўлади. Қолаверса, тадбир баҳона анчадан буён дийдорлашмаган ҳамкасбларим, шогирдларим билан кўришдим. Бу албатта, менга янада куч ва ғайрат берди.

Устоз журналистларга уюшма, таҳририят ҳамда Ургут тумани ҳокимлигининг совғалари топширилди.

Ҳусан Элтоев.