Кадрлар хизмати ходимлари малака оширди

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали томонидан қуйи бўғин раҳбарлари, яъни давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда олий таълим муассасаларидаги кадрлар бўлими бошлиқлари ва мутахассислари учун Давлат бошқарув академиясининг Самарқанд ҳудудий филиалида малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди.

Унга вилоятдаги соҳавий олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчиларини, давлат органлари ва ташкилотларидан малакали амалиётчи мутахассислари жалб этилди. 

Бир ҳафталик ўқув дастурига асосан Давлат бошқарув академияси Самарқанд ҳудудий филиалида вилоят бошқармалари ҳамда олий таълим муассасалари кадрлар хизмати раҳбарлари ва мутахассисларига ўқув машғулотлари ўтказилди.

Малака ошириш курси давомида замон талаблари асосида белгиланган норматив ҳужжатларга мувофиқ, инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Муносиб кадрларни танлаш ва саралаш, лавозимга тайинлаш бўйича билим ва кўникмалар оширилди.

Бу ўқувлар ҳудуддаги инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш соҳасида муҳим қадамлардан бири, дейиш мумкин. Чунки замон шиддат билан ривожланмоқда. Давр талаби интеллектуал билимли, етук замонавий кадрларга эҳтиёж катталигини кўрсатмоқда. Бинобарин, инсон ресурслари халқаро макроиқтисодий кўрсаткичларда ҳам муҳим омил сифатида қаралади. Инсон ресурслари ҳеч қачон эскирмайдиган, ўз қадрини йўқотмайдиган, такомиллаша оладиган, ривожлантириш имконияти юқори бўлган ресурслардан бири, десак янглишмаган бўламиз. Инсон капиталига инвестиция киритиш технологик ривожланиш даври учун соғлом, замонавий билимга эга ҳамда муаммоли вазиятларга мослашувчан ёшларни тайёрлашга кўмаклашиб, креатив фикрлайдиган авлодни етиштиришда муҳим омил сифатида хизмат қилади. Чунки инсонни инсон орқали бошқариш жуда нозик ва мураккаб жараёндир. 

Наврўзбек Ражабов,

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ходимлар бўлими бошлиғи.