Камбағал оила ва кабағаллик чегарасидаги оиланинг фарқи нимада?

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларининг оғир ҳаётий вазиятга, шунингдек, камбағалликка тушиб қолишининг олдини олиш, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, молиявий барқарорлигини таъминлаш ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишнинг янги тизими жорий этилди.

Аҳолини давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш мақсадида 2026 йил 1 февралдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва Камбағал оилалар реестри негизида ягона Ижтимоий реестр юритилади. Унда Ижтимоий реестр — «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида юритилиб, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилаларни аниқлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш вазифаларини бажаради.

Мазкур Ижтимоий реестрда оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, 3 та тоифага ажратилади. Тартибига мувофиқ, оила аъзолари меҳнатга лаёқатсиз ёки меҳнат қилиш имконияти чекланган ва уларнинг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилади.

Оила аъзолари меҳнатга лаёқатли ёки меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган ва уларнинг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар «камбағал оила» тоифасига киритилади.

Оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача бўлган қуйидаги оилалар эса «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилади.

Ижтимоий реестрга кириш учун мурожаат қилиш имкониятлари анчагина кенгайтирилди. Амалдаги тартибга кўра, Давлат хизматлари маркази, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, яшаш манзили бўйича маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим орқали, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза қолдириб амалга оширилган бўлса, эндиликда  “Ижтимоий карта” мобил иловаси орқали ҳам Ижтимоий реестрга киритиш учун мустақил равишда мурожаат қилиш имконияти яратилди.

Шунингдек, оилага комплекс ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади. Яъни, Ижтимоий реестрга кириш тўғрисидаги аризасида бир нечта хизмат ва ёрдамларни сўраб мурожаат қилишлари ҳам мумкин. Оиланинг имкониятлари, кўникмалари, қизиқишлари, фикри, яшаш шароити ҳамда аризада кўрсатилган хизматларга бўлган эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда Индивидуал режа ишлаб чиқилиб, ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилади.

Шунингдек, маҳалла еттилигига оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларни “тавсия” асосида Ижтимоий реестрга  киритиш ҳуқуқи ҳам берилади.

1 ва (ёки) 2 гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ёхуд болаликдан ногиронлиги бўлган шахс бўлган, боқувчисини йўқотган ёки боласини ёлғиз тарбиялаётган, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз шахс, оила аъзоси муддатли ҳарбий хизматда ёки жазони ижро этиш муассасасида бўлган оилалар ҳам реестрга киришлари мумкин.

Шунингдек, оила аъзоларидан бири психиатрия, наркология, сил касалликлари диспансерида бўлган ёки онкология марказларида рўйхатда бўлган ёхуд гематология, иммунология, жигар, буйрак етишмовчилиги каби оғир касалликка чалинган бўлса, ёнғин, бахтсиз ҳодиса, табиий ёки техноген фавқулодда вазиятлардан жабрланган оилаларни "Маҳалла еттилиги" тавсияси асосида реестрга киритиш имконияти яратилди.

Камбағаллик чегарасидаги оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимига асосан болалар нафақаси ёки моддий ёрдам  6 ой давомида оиланинг даромадига қараб тўланади. Бунда, тайинланган нафақа оиланинг даромади минимал истеъмол харажатларининг (669 минг сўм), 1 – 1,25 бараваригача бўлганда 75 фоизи,  1,25 – 1,5 бараваригача бўлганда эса 50 фоизи тўланади. Шу пайтгача камбағаллик чегарасидаги оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тўланмаган.

Бугунги кунда вилоятимиздаги 1.082.846 та оиланинг 85 минг 135 таси Ижтимоий реестрдаги оилалар ҳисобланади. Ундан 31848 таси давлат таъминотида, 46 213 таси камбағал  ва 7074 таси эса камбағаллик чегарасидаги оилалар тоифасига киритилган. Бундай оилалар Нарпай (10,4 фоиз) ва Оқдарё (10,6 фоиз) туманларида бошқаларга нисбатан кўпроқ аниқланган бўлса, Самарқанд шаҳри (4,2 фоиз) ва Қўшработ (6 фоиз) туманида камроқ рўйхатга киритилган. 

Аббос САЪДУЛЛАЕВ,

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ижтимоий тўловлар

шуъбаси мудири.