Карантин: Европада узоқ кутилган очилиш
ФРАНЦИЯ 3 майдан бошлаб карантин чораларини бекор қилишни бошлайди. Коронавирус касаллиги кўпайганлиги сабабли карантин талаблари апрель ойининг бошидан яна кучайтирилган эди. Мактаблар, озиқ-овқат ва энг зарур маҳсулотлар сотувидан ташқари барча дўконлар ёпилди. Махсус гувоҳномасиз уйдан 10 километр узоқликда ҳаракатланиш тақиқланган, минтақалараро саёҳат чекланган ва комендантлик соати мавжуд. Кафе, ресторан, бар, музей ва театрлар октябрь ойидан бери ёпиқ эди.
"Шундай қилиб, 3 майдан бошлаб минтақалараро саёҳатлар чекловларини ва бунинг учун махсус рухсатномалар талабини бекор қилиш режалаштирилмоқда. Май ойининг ўрталаридан бошлаб баъзи маданий муассасалар очилади. Узоқ вақт мобайнида ёпиқ бўлган маданий ва кўнгилочар марказлар ёзгача босқичма-босқич очилади", дейди 21 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Франция ҳукумати вакили Габриел Аттал.
***
ДАНИЯда чекловларни юмшатиш авжида. Бунга асосан муваффақиятли эмлаш кампанияси таъсир кўрсатди. Савдо марказлари, ресторан ва кафелар чоршанба куни очилди. Бино ичида овқатланиш учун эмлаш сертификати талаб қилинади, аммо очиқ терассалар ҳамма учун хизмат қилиши мумкин.
"Бугун биз меҳмонларни ичкарида ҳам, очиқ ҳавода ҳам қабул қила оламиз. Даставвал буни очиқ терассалардан бошладик, у ерда таомларни бир марталик эмас, ҳақиқий идишларда тортамиз. Ва меҳмонларимиз ниҳоят ўз вақтлари ва хизматдан тўлиқ завқ олишлари мумкин бўлади", дейди Darcy’s Kaffeye эгаси Дарси Миллар.
***
ГРЕЦИЯ ўз чегараларини очишга тайёрланмоқда. Расмий равишда ушбу сана 14 майга режалаштирилган. Мамлакатдаги меҳмонхоналар ҳам июнь ойида ўз фаолиятини бошлайди. Аввалроқ Афина Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, Шенген зонаси ҳамда Буюк Британия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Сербия ва Исроил туристлари учун етти кунлик карантин бекор қилинганлигини эълон қилганди.