Карантин қоидаларига амал қилмасдан, ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаган 3 шахс қамоққа олинди
Ҳозирги кунда ўрнатилган карантин қоидаларига қатъий амал қилиш юртимизнинг ҳар бир фуқаросининг бурчи. Бунда фуқаролар нафақат ўз соғлиғини асрайди, балки ҳозирги вақтда кенг тарқалаётган коронавирус инфекциясини жиловлашга ҳам ўз ҳиссасини қўшади.
Афсуски, баъзи бир шахслар карантин қоидаларини қасддан менсимасдан, юртимиздаги вазиятга нотўғри баҳо берган ҳолда жамоат тартибини бузиб, ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?
2020 йил 15 апрель куни соат 12:00 ларда ҳуқуқбузарлар М.У., К.В. ва Х.Ж. Самарқанд шаҳар, Беруний кўчасидаги чиқиндихона ёнида, карантин ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида, ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ҳимоя ниқобисиз, мақсадсиз юрган вақтида хизмат фаолиятини олиб бораётган ички ишлар органи ходимлари томонидан уларга ниқоб тақиб юриши тушунтирилган. Улар эса ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойида бақир-чақир қилиб, шу ерда бўлган фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини бузган.
Самарқанд шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 15 апрелдаги қарорига кўра, ҳуқуқбузарлар М.У., К.В., Х.Ж.лар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унларга нисбатан узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ориф ПАРДАЕВ,
Самарқанд шаҳар маъмурий суди раиси.