Касаба уюшмаси тизимидаги ёш ходимлар қўллаб-қувватланади

Жамоат хизмати интернационали Европа федерацияси (EPSU) 1978 йилда ташкил этилган ва 260 дан ортиқ касаба уюшма ташкилотларидан 8 миллион жамоат хизмати ходимларини бирлаштиради.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши 2020 йил 1 январдан федерациясининг аъзо ташкилоти ҳисобланади. Федерация ўзининг минтақавий йиғилишларини анъанавий тарзда йилда камида бир марта аъзо давлатлар ҳудудида ўтказиб келади. Жумладан, Жамоат хизмати интернационалининг Европа федерацияси Марказий Осиё сайлов округининг навбатдаги минтақавий йиғилиши жорий йилнинг 16-17 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган эди.

шундан бир ой ўтиб, яъни 16-17 апрель кунлари Самарқанд давлат тиббиёт университетида Жамоат хизмати интернационали Европа федерацияси ёшлар кенгаши ҳамраиси Алина Танкелюн, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев ҳамда соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси масъуллари иштирокида «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ёш ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш мақсадида Самарқанд, Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ёшлари билан очиқ мулоқот қилинди.

- Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги ўзбекистонлик ёшлар билан учрашишни, соҳа мутасаддилари ҳамкорлигида уларнинг мурожаатларини эшитиб, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмалари тизимида фаолият бошлашига кўмаклашиш ҳамда Европа мамлакатлари тажрибасини ёшларга ўргатишни мақсад қилганмиз, - дейди Алина Танкелюн. – Яқинда Бухоро давлат тиббиёт институтида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятлари ёшлари учун дастлабки учрашувни ўтказган эдик. Бугун эса Самарқандда бешта вилоят ёшлари жам бўлди. Кейинги учрашув Тошкентда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги ёшлари билан ўтказилади ва касаба уюшмалари тизимида фаол ишлаётган талаба-ёшлар, ёш ходимлар сараланиб, ёшларга етакчи сифатида бириктирилади ҳамда ўзини кўрсатиши ва иқтидорини намойиш этиши учун шароит яратилади.

Учрашув давомида соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Фазлиддин Рўзибоев.