Касаба уюшмаси учта бошқарма билан жамоа келишувини имзолади

Самарқанд шаҳрида Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси билан вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси, вилоят маданият ва туризм бошқармаси, Ёшлар агентлиги, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси ўртасида 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳудудий Жамоа келишуви имзоланди.
Ушбу тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев, вилоят маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи Ш.Эшонқулов, Ёшлар агентлиги Самарқанд вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Бобоев ва спорт фахрийлари, тармоқ тизимидаги иш берувчилар иштирок этди.
Тадбир давомида имзоланган ҳужжатлар вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси томонидан рўйхатга олиниши айтиб ўтилди.
Шунингдек, томонлар бошланғич ташкилотларда ишловчи ходимлар манфаатини ижтимоий қўллаб-қувватланиши, имтиёзлардан фойдаланиш мумкинлигини таъкидлашди. Энг муҳими, келишувни тасдиқлашдан мақсад иш берувчининг ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитини яратиб беришда масъулиятини янада ошириши айтиб ўтилди.
Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси билан ҳамкорликда бошқармалар ўзларининг тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари бошланғич касаба уюшмаси билан бирга жамоа шартномаси тузишда амалий ёрдам беришга келишиб олинди.
Эндиликда тасдиқланган ҳужжатга кўра, томонлар ходимларнинг касбий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва интеллектуал манфааатларини ҳимоя қилишнинг энг долзарб масалаларини киритишга эришади ва унинг бажарилишини назорат қилишга имконият яратилади.
Бундан ташқари, ишчи-ходимларнинг дам олишини ташкил этиш, санаторийларга имтиёзли йўлланма асосида юбориш, уларнинг фарзандларини ёзги дам олиш масканларига жойлаштиришда ҳам катта имконият борлиги айтилди.
Ҳ.Элтоев.