«Каттақўрғон» футбол клуби Пролигада тўп суради
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси хабарига кўра, икки йил аввал клуб ҳудудий Иккинчи лигада муваффақиятли иштирок этган бўлса, ўтган мавсум Биринчи лигада ярим финалига қадар етиб келди.
Декабрь ойидан бошлаб «Каттақўрғон» Пролига бўйича талабларни бажаришга киришди. Бу йўлда Лига томонидан бир қатор талаблар белгилаб берилган бўлиб, ўтган давр мобайнида клуб уларни босқичма-босқич бажарди ва 23 январь куни ҳужжатларни тўлиқ расмийлаштирди.
Каттақўрғон шаҳридаги стадионни мавсумга тайёрлаш ишлари давом этаётган бўлиб, 2026 йилдан мазкур майдонда «Каттақўрғон» U-19 жамоаси уй учрашувларини ўтказади. Пайшанба шаҳарчасида жойлашган стадион эса Пролига учун тайёрланади.
Айни кунларда майдонни тўлиқ янгилаш ишлари давом этмоқда. Дренаж ва суғориш тизимларини замонавий ҳолатга келтириш, шунингдек, гибрид майса ётқизиш ва уни синовдан ўтказиш май ойига қадар давом этиши кўзда тутилган бўлиб, бунинг учун клуб таъсисчиси 4,5 миллиард инвестиция киритиш учун тегишли компания билан шартнома имзолаган.
Пайшанба шаҳарчасида жойлашган стадион трибунаси, унинг остида жойлашган техник ҳудуд тўлиқ таъмирга муҳтож бўлиб, «Каттақўрғон» клуби уни талаб этилган минимал кўринишга келтириш учун 5,7 миллиард сўм сарфлаши кўзда тутилган.
Майса, трибуна ва техник ҳудуд тўлиқ реконструкция қилингунига қадар, клуб рақибларини Самарқанд шаҳридаги «Динамо» стадионида қабул қилади.