Каттақўрғон туманида зўрланган ўсмир бўйича расмий баёнот берилди

2021 йил 2 январь куни 2004 йилда туғилган вояга етмаган П.Э. Каттақўрғон туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда фуқаро И.С. ўзининг “Матиз” русумли автомашинасида уни Каттақўрғон шаҳар Чинобод маҳалласи ҳудудига олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига текканлигини, шунингдек, фуқаро С.Р. “ВАЗ-2106” русумли автомашинасида уни Каттақўрғон тумани ҳудудида жойлашган “Сув омбори” ҳудудига олиб бориб, зўрлаганлигини айтиб, уларга нисбатан чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширувга киришилиб, воқеа жойи кўздан кечирилган, ишга алоқадор шахсларнинг кўрсатувлари олиниб, вояга етмаган П.Э.нинг танасида тан жароҳатларига аниқлик киритиш мақсадида судга оид тиббиёт экспертиза тайинланган.

Ишда тўпланган далилларга асосан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда жиноят иши юзасидан ҳудудий тегишлилиги бўйича Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, П.Э.нинг аризасида кўрсатилган фуқаро С.Р. 2021 йил 13 январь куни ўзининг Каттақўрғон тумани Саройқўрғон маҳалласида жойлашган уйида вафот этганлиги аниқланган.

Фуқаро С.Р.нинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.