Каттақўрғонлик ўқувчи Ҳиндистонда бронза медали соҳиби бўлганди ёхуд Самарқандда қанча ўқитувчи минг доллар иш ҳақи олишини биласизми?

Яқин кунлар ичида давлатимиз раҳбари таълимга оид иккита катта йиғилиш ўтказди. Оддий одам ёки шу юртнинг исталган фуқаросида бунча ташвишнинг нафи бўляптими, деган табиий савол туғилиши мумкин.
Албатта, бу саволга жиддий ўйлаб қаралмаса аниқ фикр билдириш, жўяли жавоб қайтариш қийин. Ваҳоланки, мазкур куюнчаклик эртамизни ўйлаб амалга оширилаётгани баробарида, тизимли ишларнинг натижаси кўриниб, сезилиб турибди.
Мисол учун, давлатимиз раҳбарининг таълим тизимига, хусусан ўқитувчининг обрў-эътибори ва ойлик иш ҳақи миқдорини оширишга қаратаётган эътибори туфайли Самарқанд вилоятида минг доллар ойлик оладиган ўқитувчилар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Мисол учун, 2021 йилда 5 нафар, 2022 йилда 52 нафар, 2023 йилда 71 нафар, 2024 йилда 135 нафар ва жорий йилда 249 нафар педагогларимиз минг доллардан ортиқ иш ҳақи оляпти.
Бундан ташқари, мактабларда 2 та хорижий тил ва 1 та касбни ўргатиш тизими жорий қилинди. Бу ташаббуснинг аҳамияти ва самараси ҳар қадамда кузатилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 43-мактабда француз тилини ўқитиш бўйича фаранг давлати билан яхши алоқа йўлга қуйилган. Франция Республикаси Президентининг вилоятимизга ташрифи давомида ушбу мактабнинг ўқувчилари жаноб Эммануэль Макрон билан шахсан учрашган эди.
Ҳозирда мактаб битирувчиларидан Шахбоз Ғайбуллаев ва Нигина Мамарасулова Франциянинг Сарбонна университетига грант асосида ўқишга қабул қилинган.
Шунингдек, мактабнинг 5 нафар француз тили ўқитувчиси Ницца шаҳридаги институтда малака ошириб келди.
Бугунги кунда ушбу мактаб ўқувчиларига 3 та - ўзбек, француз ва рус тилларида дарс машғулотлари олиб борилмоқда.
Албатта, таълимдаги ислоҳотлар самарасини вилоятимиз мисолида кўплаб йўналишларда айтиб ўтиш мумкин. Энг қувонарлиси, жорий йилда вилоятимиздаги мактаб битирувчиларнинг 342 нафари чет давлат олий таълим муассасалари грантини ютиб, муддатидан олдин талаба бўлишди.
Бундан ташқари, ўтган ўқув йилида Халқаро олимпиадаларда 15 нафар ўқувчи иштирок этиб, 4 нафари фахрли ўринларни қўлга киритди.
Жумладан, Ҳиндистонда 30 та давлатдан 576 нафар иқтидорли ўқувчилар иштирок этган Халқаро математика мусобақасида Каттақўрғон туманидаги 8-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Давронбек Дониёров 30 давлатдан келган иштирокчилар орасида ғолибликни эгаллаб, бронза медали соҳиби бўлди.
Дарвоқе, мактабларга киритилаётган инвестиция ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Негаки, фақатгина кейинги икки йилда 182 та (5 та янги қурилиш, 164 та реконструкция ва 13 та мукаммал таъмирлаш) мактабда 687,2 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Натижада умумтаълим мактабларида 47 минг 953 янги ўқувчи ўрни яратилиб, мавжуд 8 минг 304 ўринли бинолар мукаммал таъмирланяпти.
Эришилган натижалар, ошиб бораётган рақам ва кўрсаткичлар ҳақида ҳали узоқ гапириш мумкин. Айтиш мумкинки, истиқболда бизни бунданда қувонарли натижалар кутиб турибди. Чунки сўнгги йиғилишда устоз-педагоглар учун кўплаб имконият ва имтиёзлар берилди. Булар албатта, таълимда, тарбияда ижобий ўсиш, яхши янгилик бўлиб жамиятимизга қайтади.
Марям НИЁЗОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.