Кеча Зарафшон миллий табиат боғида яна ёнғин содир бўлди: Бу сўнгги йиллардаги тўртинчи офат

Кеча, 29 июнь куни соат 13:15 да Жомбой тумани ҳудудидаги Зарафшон миллий табиат боғига қарашли ўрмонда ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида туман фавқулодда вазиятлар бўлимига хабар келиб тушган.

Ёнғин жойига соат 13:27 да етиб борилиб, соат 14:40 да қуршаб олинган ва ҳодиса соат 17:00 да бартараф этилган.

Ёнғинни бартараф этишга вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 6 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Ҳозирда воқеа сабаби ва моддий зарари аниқланмоқда.


P/s: Зарафшон миллий табиат боғи Ўзбекистондаги саноқли қўриқхоналардан бири. Бу ердаги ҳайвонот ва набобот олами нафақат бизда, балки бутун дунёда ноёб турларга эгалиги билан ажралиб туради.

Лекин кейинги бир неча йилда бу ерда кетма-кет ёнғинларнинг содир бўлиши барчани ташвишлантирмасдан қолмайди.

Жумладан, 2020 йил 26 июлда Зарафшон миллий табиат боғида тунги соат 00:47 да ёнғин содир бўлган.

2021 йил 3 июль куни соат 21:10 да бу ерда яна ёнғин бўлган ва миллий боғнинг 1,5 гектар ер майдонидаги тўқайзорлар (малина, бутазор, шох-шабба) ёнган.

Шу йилнинг 21 февраль куни миллий табиат боғининг учинчи бўлими ҳудудида яна бир ёнғин содир бўлган.

Тўғри, бу ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилган. Аммо афтидан унинг олдини олишга қаратилган ишлар етарли бўлмаётганга ўхшайди. Бу ҳақда ўйлайдиган, хулоса чиқарадиган мутасаддилар бормикан?