Кечиримлилик халқимизга хос одат
Билиб-билмай жиноятга қўл урган йигитлар озодликдан маҳрум этилди.
Президентимизнинг 2017 йил 7 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида"ги Фармонига асосан билмай жиноят қилиб, ўз ишидан пушаймон бўлган, илк бор судланган 2 минг 700 нафар кишига афв қўлланилди. Чароғбонлик йигитлар ҳам бугун ана шу фармон туфайли оилалари бағрига қайтиб, маҳалла кўмагида иш билан таъминланди. Жамиятнинг фаол аъзосига айланди.
– Бугун уларнинг ҳар бири ўзлари қизиққан соҳалар бўйича ишга жойлашган. Бобур туман кадастр бўлимига, Дилшод "Самарқанд" масъулияти чекланган жамиятига, Шаҳбоз "Файз" қурилиш ташкилотига ишга жойлаштирилди, – дейди Чароғбон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Матлуба Аминова. – Ёшлар новдага қиёс. Уларни парваришлаб, чирой берганингиз сари гуркираб ўсади. Мева бериб, атрофдагиларни ундан баҳраманд этади.
– Дилшод 1992 йилда туғилган, ёлғиз фарзандим, – дейди Сожида опа. – Ўрта мактабни тугатиб, устачилик билан шуғулланиб, рўзғорга ёрдам бераётган эди. Ўзи болалигидан мўмин-қобил. Ёмон болалар билан ўртоқлашганини билмайман. Аммо жиноят кўчасига қадам қўйди. Ёлғиз фарзандини панжара ортида кўриш она учун азоб. Ҳозир маҳалламиз тавсиясига кўра, "Самарқанд" ишлаб чиқариш корхонасида ишлаяпти. Юртбошимизнинг ёшларга қаратаётган эътиборлари туфайли бугун фарзандим бағримда.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.