Кекса ҳунармандлар уйида “Уста-шогирд” анъанаси асосида ёшларга ҳунар ўргатмоқда

“Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи У.Ҳакимов уюшма мутахассислари бугунги пандемия шароитида уйида ўтириб, ҳунармандчилик билан шуғулланаётган ва ёшларга ҳунар сирларини ўргатаётган кекса ҳунармандлар хонадонида бўлди, уларга совға улашди.

- Юртимизда карантин чекловлари эълон қилинган дастлабки кунларда Президентимизнинг “Ҳурматли ҳунармандлар! Сизларнинг меҳнатингиз, янги-янги ташаббусларингиз ҳозирги вақтда аҳоли бандлигини таъминлашга, албатта, муносиб ҳисса қўшади», деган гаплари мени уйда бўлса-да, меҳнат қилишга ундади, - дейди академик кулол Шариф Азимов. – Уй шароитида ўндан зиёд шогирдимга кулолчилик буюмлари ясаш сирларини ўргатяпман. Бу ишимиз раҳбарлар томонидан эътироф этилаётганидан хурсандмиз. Айниқса, бугун бошқарма бошлиғи ва ходимларнинг “Ҳорманг, уста!”, дея хонадонимга келгани руҳимизни кўтарди.

Бошқарма ходимлари, шунингдек, ҳунармандлар – Худойберди Ҳақбердиев, Холмаҳмат Исматиллаев хонадонларида ҳам бўлишди. Улар Ўзбекистон халқ устаси, кулол Х.Исматиллаев хонадонига боришганида у кишининг ўзи маҳалласида яшайдиган кам таъминланган оилаларга саховат кўрсатаётган экан.

- Уйда бўлсак-да ишлимиз, даромад қиляпмиз, - дейди Холмаҳмат ака. – Аммо маҳалламизда карантин сабаб бирор жойда ишлолмаётган, рўзғорига қўшимча даромад келмаётган оилалар бор. Уларни бугунги синовли кунларда қўллаш энг катта савоб.

Бахтиёр Ботиров.