Кенгаш кучли, ҳоким ҳисобдор ва ташаббускор бўлади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқдаги биринчи сессияси ўтказилди.

Сессияни вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Х.Муҳаммадиев бошқарди.

Комиссия раиси дастлаб, жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлов натижалари ҳақида маълумот берди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашига 60 та сайлов округи бўйича Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 16 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 14 нафар, Ўзбекистон Экологик партиясидан 9 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 10 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 11 нафар депутат сайлангани ва улар рўйхатга олиниб, депутатлик гувоҳномаси ҳамда кўкрак нишони топширилгани қайд этилди.

Шундан сўнг кун тартибига мувофиқ, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизга, қатор қонун ҳужжатларига маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган муҳим қоидалар киритилди. Бу эса ҳокимиятни халққа янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. Президентимизнинг алоҳида фармони билан жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этиш, халқнинг бевосита ихтиёри асосида қарор қабул қилиш талаб этиладиган бир қатор вазифа ва функциялар маҳаллий Кенгашларга ўтказилганлиги бунинг яққол исботидир.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳокимнинг бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгашга раис бўлишига доир норманинг бекор қилиниши – республика даражасидаги ҳокимиятлар бўлиниши ва ўзаро тийиб туриш принципининг маҳаллий даражада ҳам мавжуд бўлиши учун ҳуқуқий замин яратди.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга кўра, халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан сайланадиган раис бошчилик қилади. Кенгашнинг биринчи сессияси халқ депутатлари Кенгаши раисини сайлашдан бошланади.

Халқ депутатлари Кенгаши раисини сайлаш учун депутатлар орасидан халқ депутатлари Кенгашига сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партия депутатларидан иборат сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи ташкил этилади.

Мазкур тартибга мувофиқ, дастлаб вилоят Кенгашига сайланган депутатлар орасидан сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи тасдиқланди. Гуруҳга халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакили раислик қилди.

Сессияда танаффус эълон қилиниб, сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи вилоят Кенгаши раиси номзоди юзасидан мажлис ўтказди.

Танаффусдан кейин, сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи 11-Янгиқўрғон сайлов округидан сайланган депутат, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Шуҳрат Худойбердиевич Негматовни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши раислигига тавсия этди.

Депутатлар мазкур масала юзасидан ўз фикрларини билдирди ва Шуҳрат Негматов халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши раиси этиб сайланди.

Шундан сўнг, сессияни Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди ва халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутатларнинг сиёсий партиялар гуруҳларини рўйхатга олиш, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялари ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорларни қабул қилинди.

Сессияда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тавсия этилган номзодни тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Қонунчиликка кўра вилоят ҳокими лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилади ҳамда ушбу номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказилади.

Сессияда вилоят ҳокими лавозимига номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ғ.Мирзаев иштирок этди ва яна танаффус эълон қилиниб, Президент маслаҳатчиси ҳар бир партия депутатлик гуруҳи билан учрашди. 

Сўнгра Президент маслаҳатчиси Ғ.Мирзаев Ўзбекистон Респуликаси Президенти томонидан вилоят ҳокими лавозимига Э.Турдимов номзоди кўрсатилганлиги билдирилди.

Номзод депутатларга ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболига мўлжалланган ўз дастурини тақдим этди. Ўн йўналиш, 123 банддан иборат дастурда вилоят ҳаётининг барча жабҳалари қамраб олинган бўлиб, 2025-2029 йилларда амалга ошириладиган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Партиялар депутатлик гуруҳлари вакиллари номзод юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, уни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Сессияда Турдимов Эркинжон Оқбўтаевич Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.