Самарқанд шаҳри ҳудуди қанчага кенгаяди?
Айни пайтда бўлиб ўтаётган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида ушбу масала - Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Паст Дарғом, Самарқанд ва Тойлоқ туманларининг мавжуд маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинади.
Сессия ишида вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг ташкилий тузилмасини янгилаш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Сессияда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов иштирок этмоқда. Дастлаб О.Иминов Сенатнинг яқинда ўтказилган 21-ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар ҳақида маълумот берди.
Сессия ишида депутатлар жорий йил IV чораги учун вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлари ва харажатларини кўпайтириш масаласини муҳокама қилади.
Бундан ташқари, сессияда Тойлоқ тумани ҳокими Б.Бобоназаров, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмоновларнинг ҳисоботи эшитилади.
Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Бош вазир қабулхонаси вилоят секторлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисида ахборот беради.
Бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборовнинг аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш бўйича жорий йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги имкониятлар тўғрисидаги ҳисоботи ҳам кўриб чиқилади.
Шунингдек, сессия давомида Президентимизнинг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросини муҳокама қилинади.