Кимки бир шиддат аро сабру таҳаммул айлади...

Ўзбекистонимизда мана бир ярим ойдирки, синовли кунлар ҳукм сурмоқда. Давлатимиз раҳбари бошчилигида бу кунлардан талафотсиз, зиён-заҳматсиз чиқиш чоралари кўрилмоқда. Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами зарур бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда.

Мумтоз адабиётимизда саховатпешалик инсоннинг бош фазилатларидан бири сифатида улуғлаб келинган. Сахий кишини мевали дарахтга ўхшатишган. Ҳамма вақт унинг ҳосилидан эл баҳра олади. Сахийлик – бу фақат пул улашиш эмас, аввало қалб ҳарорати, бошқаларни бахтиёр кўриш истаги. Сахий қалбли одам боғ кўкартиради, ер ҳайдаб, омборларни ғаллага тўлдиради, эл-юртни обод, фаровон қилиш, одамларнинг ҳожатини чиқариш учун интилади.

Ўзбек миллатига бериладиган сифатлардан бири ҳам саховатпешаликдир. Ўзбек ҳар доим битта нонини бошқалар билан баҳам кўрган, бўлишган. Қўшниси, қариндоши, маҳалладоши қийналиб қолганлигини хотиржам кузатиб ўтирмаган. Бунга Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга келтирилган бошқа миллатга мансуб кишиларга, болаларга қай даражада меҳрибонлик кўрсатилганлиги, охирги зоғорасигача баҳам кўрилганлиги мисол бўла олади.

Бугун тўқчилик замони. Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч. Бозорларимиз тўкин. Халқимиз бугунги синовли кунларда ҳар доимгидан ҳам жипслашган. Бир-бирига ёрдам, саховат кўрсатмоқда. Айниқса, Рамазон ойининг кириб келиши саховатга тўла қалбларни тўлқинлантирди. Шунинг натижаси ўлароқ “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида бутун мамлакатимизда савобли ишларга қўл урилмоқда.

Самарқанд вилоятида, жумладан, Ургут туманида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини кўриб, эшитиб, шу заминда ўсиб-улғайган инсон сифатида элдошларимнинг бу савобли ишларидан хурсанд бўламан. Туманнинг Мерганча, Ваткан, Қўзибек, Ғўс, Сатанг ва бошқа бир қанча қишлоқларида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалга оширилаётган ишларни эшитдим. Кам таъминланган, ногиронлиги бор, кунлик ишларда ишловчи оилаларга, ободонлаштириш бошқармаси, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ишчиларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилаётган экан. Шундай синовли кунларда ва муборак ойда эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзаётган саховатпеша инсонлар Навоий таъбири билан айтганда “бузилган каъбани обод айлаганлик” савобини олмоқда. Зеро, буюк аллома қайд этганидек,

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Мана шундай мунглиғ кўнгилларни обод қилишга, халқимизни эса шундай кунларда уйдан чиқмай, давлатимиз, ҳукуматимиз чақириғига лаббай деб туриши, яхши кунларнинг тезроқ етиб келишига замин яратишини эслатган ҳолда сабр қилишга чақираман. Бинобарин, сабр қилишда ҳам ҳикмат кўп. Қаноат, сабр, инсон иродасини чиниқтириб, бардошли, сабот-матонат эгаси қилиши мумкин:

Кимки бир шиддат аро сабру таҳаммул айлади,

Бахт анинг нишини нўшу хорини гул айлади (Алишер Навоий).

Ислом маънавиятида ҳам сабр имон тушунчаси билан жуда яқин саналади. Яратган сабрлилар билан биргадир. Шундай экан, имконимиз бўлса, атрофимиздаги яқинларимизга саховат кўрсатайлик, сабр билан халқимиз бошига келган ташвишни уйда ўтириб енгайлик!

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

СамДУ профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.