Китобхоннинг савиясини ўстиришга мағзи тўқ асарлар тақдим этиш орқали эришилади

Бадиий ижодда фикр, ғоя бирламчими ёки туйғу? Сўнгги пайтларда нима учун савияси паст шеърлар, китоблар кўпаймоқда?

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти, вилоят телерадиокомпанияси ҳамда Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида журналист, шоир ва таржимон Ёр Муҳаммад ижодига бағишлаб ўтказилган адабий кечада шу саволлар атрофида мулоҳаза юритилди.

Унда Самарқанд давлат университети филология ва ҳуқуқшунослик факултетлари талабалари, Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими қошидаги адабий тўгарак аъзолари, олимлар, ижодкорлар иштирок этди.

– Бадиий ижодда фикр ҳам, туйғу ҳам бирламчидир. Устоз Абдулла Қодирий қайд этганларидек, “Сўз – қолип, фикр унинг ичига қуйилган ғишт бўлсин...”, - деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов. – Шеър шоир ҳиссиётлари, кечинмаларининг улкан ижодий меҳнат натижасида қоғозга чизилган бетакрор манзараларидир. Ёр Муҳаммаднинг шеърларини ўқиган киши ана шу манзаралардан баҳраманд бўлади. Шунинг учун шоирнинг қатор китоблари нашр этилди ва унинг ижоди адабий жамоатчилик назарига тушди.

Шунингдек, тадбирда кейинги пайтда эълон қилинаётган айрим шеърлар, китобларнинг бадиий савияси ҳақида ҳам гап борди.

-  Менимча, фақатгина китобхоннинг савиясини ўстириш, унга мағзи тўқ асарлар тақдим этиш билангина бундай ҳолатларга қарши курашиш мумкин, - деди ёзувчи Хўроз Абдусаломов. - Шундай қилинса, ўқувчида танлаш имконияти кўпроқ бўлади ва у албатта яхши асарни танлаб олади. Яхши эсимда, Ёр Муҳаммаднинг “Муҳаббат бекати”, “Кўнгилга ташриф” китоблари дўконларда жуда тез сотилиб кетган. 

Учрашувда Ёр Муҳаммад Ватан, Наврўз, Муҳаббат ҳақидаги шеърларидан намуналар ўқиди ва ёш ижодкорларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Адабий кечада вилоят мусиқа ва драма театри актёри, кулги устаси Фазлиддин Болиқуловнинг шоир Ёр Муҳаммад ҳаёти билан боғлиқ ичакузди ҳангомалари тўпланганларга хуш кайфият улашди.

Дилбар Рустамова.