"Кобальт"ни олиб қочган қидирувдаги гумондорни аёл инспектор ушлади

Тошкент шаҳар ИИББ томонидан барча ҳудудий ички ишлар органларига, шунингдек, ижтимоий тармоқларга шу йилнинг 20 октябрь куни шаҳарнинг Миробод тумани Фарғона йўли кўчасидан кулранг “Кобальт” русумли, давлат рақам белгиси 01 В 457 DB бўлган транспорт воситаси олиб қочилган ҳақида хабар берилган.

Ушбу ишни содир этган гумонланувчи кузатув камераларига тушиб қолган. Мурожаатга гумонланувчининг камерадан олинган фотосурати ҳам илова қилинган.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг хабар беришича, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ 1-минтақавий ҳудуд ЙПХ 1-отряди ЙПХ инспектори, сафдор Ф.Тошева ҳам бу хабарни олиб, синчковликни оширди. Йўлдан ўтаётган транспорт воситаларини кузатиб, шубҳали туюлганларини тўхтатиб текшира бошлади.

Ўзини “қўлга тушмас” эканлигига ишонган гумонланувчи олиб қочилган автомобилда хотиржам Чирчиқ шаҳридан ўтар экан, инспекторнинг чалган ҳуштаги “капалагини” учириб юборди. У бир зумгина довдираб нима қилишни, қаерга қочишни билмай қолди. ЙПХ инспектори Ф.Тошева учун ана шу қисқа лаҳзалар кифоя қилди. У ҳамкасби, сафдор С.Умаровни ёрдамга чақирди. Биргаликда олиб қочилган транспорт воситасини ва гумондорни қўлга туширишди. Гумондор ва транспорт воситаси шаҳар ИИБга олиб бориб топширилди.

Эндиликда гумондор ўз қилмишига яраша қонун олдида жавоб беради.