Самарқанд саҳнасида спектакль: Кўчкидан қўрққан қишлоқ аҳолиси баланд овозда гаплашмас, шовқин солмас, қаҳ-қаҳ отиб кула олмасди

Самарқанд вилоят мусиқали драма театри 105-мавсумни турк драматурги Тунжер Жужанўғлининг “Кўчки” асари билан бошлади.

Дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларида саҳналаштирилган мазкур спектакль Туркиянинг шимолий қисмида жойлашган қишлоқ ва у ерда яшовчи аҳоли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Саҳна асарини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Валихон Умаров саҳналаштирган. Бош қаҳрамонлар образини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Мамедова, Меҳри Ҳакимова, Бахтиёр Раҳимов, Баҳрулло Раҳимов, Солижон Ҳакимов ҳамда иқтидорли ижодкорлар Шоҳсанам Облоқулова, Жамшид Муродов ва Лобар Ахановалар ижро этишди.

Кўчки табиат ҳодисаси. Тўрт томони тоғ билан ўралган кичкина қишлоқ аҳолиси кўчки хавфидан доимий хавотирда, қўрқувда яшайди. Йилнинг тўққиз ойида ҳам улар баланд овозда гаплашмайди, шовқин солмайди, қаҳ-қаҳ отиб кула олмайди. Сабаби, салгина баланд овоз ҳам тоғдан қор кўчишига олиб келиши, бундан бутун қишлоқ азият чекиши мумкин. Бу қишлоқнинг ёзилмаган қоидалари бор. Улар йилнинг фақат уч ойида кўнгилдагидай яшаб, баланд овозда гаплашиши, қуроллардан ўқ отиб, тўй-томоша қилиши, чақалоқлар дунёга келиши мумкин.

Асар психологик драма бўлиб, унинг ҳаётий фалсафаси актёрларнинг маҳоратли ижроси билан томошабинлар қалбига ҳам кириб борди.

Тадбир доирасида бош рассом Б.Сафоев ижоди акс этган “Эслаб” расмлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.