Кўчма савдо ярмаркалари аҳолига қулайлик яратмоқда
Самарқанд тумани Ўзбеккенти маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Ольга Губина Ўзбекистон Республикаси Президентига “Ишонч телефони” орқали маҳалласида кўчма савдо ярмаркалари ўтказилмаётгани бўйича мурожаат қилган.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва Самарқанд тумани давлат солиқ инспекцияси масъул ходимлари томонидан Ўзбеккенти маҳалласида кўчма савдо ярмаркаси ташкил этилди.
- Карантин даврида автомашиналарнинг қатнови чекланганлиги учун бозорга боришга қийналиб қолгандик, - дейди Шоҳсанам Саидова. - Маҳалламизда истиқомат қилувчи пенсионер Ольга Губина мурожаати тезкорлик билан ўз ечимини топди. Ярмаркада кундалик эҳтиёж учун керакли бўлган барча маҳсулотлар арзон нархларда сотилаётгани бизни мамнун қилди.
Солиқ органлари ходимлари томонидан савдо ярмаркаси ташкил этилиб, зарурий маҳсулотлар етказиб берилди.
Шунингдек, мутасаддилар бу каби ярмаркалар жадвал асосида ҳар бир маҳаллада ташкил этилиши тўғрисида маълумот бериб, навбатдаги кўчма ярмаркада яна қандай маҳсулотлар зарурлигини белгилаб олишди.
Бугунги кунда вилоятнинг ҳар бир маҳалласида бу каби кўчма ярмаркалар ташкил этилиб, маҳсулотлар нархи қатъий назоратга олинмоқда.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.