Коллеж ва техникумларга қабул имтиҳонлари ҳамон бошлангани йўқ: мутасаддилар бунинг сабабини маълум қилди

Бу йил олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари натижалари ҳар доимгидан кеч чиқди. Шу сабабдан коллеж ва техникумларга қабул жараёни ҳам кечиктирилди. Чунки ёшлар биринчи навбатда олий таълим муассасасида ўқишни истайди ва ундан ўтолмаганлари коллеж ва техникумларга ҳужжат топширади.

Бу ҳақда вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азиз Насимов журналистларга маълум қилди.

Насимовга кўра, янги ўқув йили учун касб-ҳунар мактабларида дарслар бошлаб юборилган, бироқ коллеж ва техникумларга талабалар қабул қилингани йўқ. Давлат тест маркази томонидан коллеж ва техникумларга кундузги таълим шакли бўйича 20 750 нафар абитуриентларга 12-17 ноябрь кунлари вилоят бўйича белгиланган олтита ҳудудда тест синовлари бўлиб ўтади.

Бу йилги имтиҳонларнинг фарқи шундаки, абитуриентлар 5 та фандан тест синовларидан ўтади. Имтиҳонлар тугагач, ўқишга қабул қилинган талабалар учун дарсларни тиғизроқ ўтишга тўғри келади.

Шунингдек, мутасаддилар айрим коллеж ва техникумларга талаб камлиги ҳақда ҳам айтиб ўтди. Вилоятда коллеж ва техникумларга жами 25189 нафар абитуриент онлайн ҳужжат топширган.