Қонунчиликка риоя қилмаган 10 нафар адлия ходимига чора кўрилган

Вилоят Матбуот уйида “Жамоатчилик ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ориф Муҳаммадиев адлия тизимида коррупцияга барҳам бериш, ходимлар ва кенг жамоатчилик ўртасида унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида қилинган ишлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, Адлия вазирлиги Ўзбекистон давлат органлари орасида биринчилардан бўлиб, 2020 йилда коррупцияга қарши курашиш менежменти бўйича халқаро стандарт сертификатини қўлга киритган. Ҳозир унда биринчи навбатда муносиб кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масаласига эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, жорий йил идоранинг ҳудудий бўлимларида 60 маротаба “сирли мижоз” ва “рейд” тадбирлари ўтказилиб, тартибни бузган 10 нафар ходимга қонуний чора кўрилган.

Масъулга кўра, идора жамоатчилик орасида ҳам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда фаол. Бу борада адлиячилар асосий эътиборни фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга ўз ҳуқуқини талаб ва ҳимоя қилишни ўргатишга қаратган.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга ҳам жавоб олишди.