Жамоат транспорти: 2024 йил 1 январдан бошлаб ҳайдовчилардан кунлик тушум талаб қилинмайди, автобуслар соат 6:00 да соат 20:00 гача ҳаракатланади

Вилоят "Матбуот уйи"да бўлиб ўтган анжуманда вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи А.Ашуров Самарқандтда 2030 йилгача жамоат транспортида амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Россиянинг «Симетра» хорижий корхонаси томонидан Самарқанд шаҳар транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган режага кўра, 43 та янги автобус йўналишлари, жумладан 8 та магистраль ва 35 та етказиб берувчи йўналишларни ташкил этилади.

- Бугунги кунда Хитойдан олиб келинган 100 та автобуснинг 75 таси ўнга яқин йўналишларда йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда, - дейди Акобир Ашуров. – 2024 йил 1 январдан бошлаб автобус ҳайдовчиларидан кунлик тушум талаб қилинмайди. Чунки улар брутто – шартнома асосида ишлаш тизимига ўтади. Яъни, босиб ўтилган масофа ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатилгани учун тўлов тизими йўлга қўйилади. Энди жамоат транспортлари эрта тонг соат 6:00 да йўналишга чиқиб, кеч соат 20:00 гача ҳаракатланиб, сўнгги йўловчини ҳам ўз манзилига етказиб қўйишга мажбур бўлади. Автокорхоналар томонидан қилинган ортиқча харажатлар эса махсус жамғарма томонидан қоплаб берилади. Ҳозирда деярли барча автобусларда тўловлар АТТО электрон тўлов тизими орқали амалга ошириляпти. Уларнинг ҳаракатлари GPS трекерлари билан назорат қилиб борилмоқда.

Шу пайтгача транспорт бошқармаси қошида фаолият кўрсатган махсус транс назоратчилар гуруҳи бошқарма ихтиёридан алоҳида инспекция бўлиб ажралиб чиқди. Энди улар мустақил фаолият юритади. Чиптасиз йўловчилар автобусларга чиқарилмайди, борлиги аниқланса жарима тўлашади. Ҳайдовчилар ҳам чиптасиз йўловчиларни олиб юргани учун жаримага тортилиши кўзда тутилган.   

- Бугунги кунда вилоятимизда 15 мингдан ортиқ йўналишсиз таксилар ҳаракатланмоқда, - дейди бошқарма бошлиғи. – Бир йил олдин ноқонуний киракашлик қилиб келган фуқаролар йўловчи ташиш билан ўзини ўзи банд қилиш орқали даромад топиш мумкин бўлган меҳнат турлари сафига киритилгач, уларнинг сони кўпайиб кетди. Эндиликда автокорхоналарда такси ҳайдовчилари тиббий ва техник кўриклардан ҳар куни ўтиши шарт бўлган бўлса, лицензия олгач, бир йилда бир марта ўтишлари ҳам уларни бу сарсонгарчиликдан озод қилди. Бироқ, вилоятимиз ҳудудларида 2-3 мингга яқин ноқонуний киракашлар ҳам фаолият юритмоқда. Янги ташкил этилган инспекция ходимлари уларни аниқлаб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳаракат қилади.

Анжуманда М-37 ва А-378 Самарқанд ҳалқа йўли (Қарши йўли) кесишмасида, М-37 Самарқанд ҳалқа йўли “Қундузсўфи” (Мотрит айланаси) маҳалласида ва М-39 Самарқанд ҳалқа йўли “Чумчуқли” маҳалласи (Тойлоқ айланмаси) ҳудудида автобошбекат ва автотураргоҳлар қуриш юзасидан ҳам ахборот берилди.

Матбуот анжуманида “Яшил шаҳар” лойиҳаси асосида ЕТТБ маблағлари ҳисобидан Самарқанд шаҳрига 350 дона электробуслар олиб келиниб, йўналишларга қўйилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Дилмурод Тўхтаев,

Ҳ.Элтоев.