Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрди?
Бу саволга “Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда газ-ҳаво аралашмасининг чақнашини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар” мавзусига бағишланган матбуот анжуманида жавоб изланди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Аҳроровнинг таъкидлашича, куз-қиш мавсумида аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда моддий бойликларига зарар етказиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ҳафтанинг ҳар чоршанба ва шанба кунлари профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Бу тадбирларга бошқарманинг 342 нафар ходими жалб этилган.
- Жорий йилнинг 11 октябрига қадар вилоятдаги 95 та хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатларининг барчасида ва 1126 та маҳалланинг 991 тасида мавсумга тайёргарлик ишлари ўрганилди, - дейди У.Аҳроров. – Натижада 2214 та кўп хонадонли уйларнинг 1460 таси текширилди ва уйларнинг ёнғин-хавфсизлик қоидаларига жавоб бермайдиган 1264 та чордоқ ва ертўлаларида муаммо ва камчиликлар аниқланиб, бартараф этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, ўрганишлар давомида 75 минг 51 та аҳоли тураржойлари текширилди ва 9728 та камчилик аниқланиб, 8997 таси, кўп қаватли уйлардаги 2541 та муаммодан 2358 таси, шахсий аҳоли тураржойларидаги 7367 та камчиликдан 6809 таси ечимини топди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли 873 та объектда, олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига қарашли 53 та, соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли 360 та муассасада ёнғин-техник текширувлари ўтказилиб, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича кўрсатмалар берилиб, муаммо ва камчиликлар ечими юзасидан топшириқлар берилди.
Давлат тасарруфидаги объектларда куз-қиш мавсуми давомида ўтказилган текширувлар натижасида хавфсизлик қоидаларини бузган 169 нафар шахс 31 миллион сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди. Ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 795 та фойдаланиш тақиқланган носоз электр мослама ва агрегатлар узиб қўйилди.
Фазлиддин Рўзибоев.