Ўқув машқлари: “Жабрланганлар”га тиббий ёрдам кўрсатилди
Ёнғинлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида юртимизда жорий йилнинг 15 ноябридан 15 декабрига қадар «Ёнғин хавфсизлиги ойлиги» ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Ватанпарвар маҳалласида шаҳар фавқулолла вазиятлар бўлимининг қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказилди. Унда шаҳар тиббиёт бирлашмаси қошидаги биринчи тиббий ёрдам отрядининг ёйиш ва кўп сонли жабрланганларни қабул қилиш бўйича босқичма-босқич амалий ҳаракатлари намойиш этилди.
Ўқув машқи ғоясига кўра, ёнғин оқибатлари, шунингдек, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар содир бўлганда кўп сонли шикастланган ва жабрланган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволаш амалиётлари амалий тарзда бажарилди.
Шу ўринда «Ёнғин хавфсизлиги ойлиги» доирасида бўлимимиз томонидан аҳоли турар жойлари, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари объектларида профилактик тадбирлар ўтказилаётганлиги ҳақида ҳам маълумот бериб ўтмоқчиман. Тадбир бошидан буён «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда печь ва дудбуронларга хизмат кўрсатишга иҳтисослашган ташкилотлар мутахассис (уста)ларидан иборат ташкил этилган 350 та таъмирлаш-тиклаш отрядлари томонидан тураржойларда текширувлар ўтказилди. Унда аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
Аҳолига иситиш печлари ва газ мосламаларидан фойдаланиш қоидалари, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, фуқароларни ис газидан заҳарланиши ва бошқа нохуш ҳолатларни олдини олишга қаратилган тушунтириш ишларини кучайтириш мақсадида 2024 йил куз-қиш мавсуми учун 15 турда ишлаб чиқилган 120 мингта эслатма, йўриқнома ва плакатлар тарқатилди.
Жасур Лапасов,
Самарқанд шаҳар ФВБ инспектори, капитан.