"Қалқон" "Ёш қутқарувчилар" мусобақасида яна ғолиб

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув қисми спорт ўйингоҳида “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клуби жамоалари ўртасидаги спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда вилоятдаги умумтаълим мактабларидан 16 та жамоа фуқаро муҳофазаси ва ҳаёт хавфсизлиги асослари бўйича савол-жавоб, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шартли дарёдан арқон ёрдамида ўтиш, ёнғинни ўчириш эстафетаси сингари шартлар бўйича беллашди.

Тойлоқ туманидаги 17-умумтаълим мактабининг “Қалқон” жамоаси умумжамоа ҳисобида энг яхши натижани кўрсатиб, мусобақанинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Жамоа ўтган йили ҳам вилоятда биринчи ўринни эгаллаган эди.

Иккинчи ўрин Пахтачи туманидаги 17-умумтаълим мактабининг “Қутқарувчилар” жамоаси, учинчи ўрин эса Самарқанд шаҳридаги 51-умумтаълим мактабининг “Ёш қутқарувчи” жамоасига насиб этди.

Мусобақа ғолиблари ва номинациялар бўйича совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.