ФВВ тизимида икки нафар ходим коронавирус асоратлари туфайли вафот этди
"Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби Қорақалпоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қўнғирот тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, подполковник Акимов Куанишбай Мирзабаевич ҳамда Хоразм вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қўшкўпир тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, майор Жаббаров Дониёр Раҳимовичларнинг вафоти муносабати билан марҳумларнинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.
Шу кунга қадар ушбу ходимларнинг коронавирус инфекцияси билан хасталаниб, шифохонага ётқизилганлиги маълум бўлган эди.
Подполковник Куанишбай Акимов 20 йилдан ортиқ муддат давомида Қорақалпоғистон Республикаси ёнғин хавфсизлиги бошқармасида турли лавозимларда хизмат қилиб келган.
Майор Дониёр Жаббаров ҳам вазирлик тизимида 2005 йил апрель ойидан буён турли лавозимларда хизмат қилган.
Юқорида номлари тилга олинган ходимларимиз афсуски, кўринмас ёвга қарши курашиб, халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги йўлида ўз хизмат бурчини бажариш чоғида ушбу касалликни юқтириб олган.
Улар сўнгги нафасигача эл-юрт манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилиб, инсонларнинг тинч, хотиржам ва фаровон ҳаёти учун ширин жонларини аямади. Кўрсатган фидойиликлари ва матонати асло хотирамиздан ўчмайди" дейилади ФВВ хабарида.