“Қалқон” “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг республика босқичига боради

Самарқанд шаҳар Сулув шаҳарчасида мактаб ўқувчилари ўртасида “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.

Унда барча шаҳар ва туманлар босқичида ғолиб бўлган 16 жамоа беш шарт бўйича беллашди. Жумладан, инсонни электр токи урганда, чўкаётганда ва вайронада қолганда уни қандай қутқариш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, дор йўлида осилган ҳолда ва юриб ўтиш, белгиланган вақтда платка тайёрлаш, фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш, қутқарув анжомларидан қай ҳолатда фойдаланиш, арқонларни боғлаш, белгиланган баландликка арқон орқали кўтарилиш каби шартларда ўқувчилар маҳоратларини кўрсатишди.

Муросасиз ўтган баҳс якунига кўра, Тойлоқ туманидаги 17-мактабнинг “Қалқон” жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлиб, кубокни эгаллади, энди улар мусобақанинг республика босқичида қатнашади.

Беллашувда иккинчи ўринни Пахтачи туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактабининг "Ёш қутқарувчилар" ва Ургут туманининг 84-мактаби ўқувчиларидан ташкил топган “Темурбеклар” жамоаси, учинчи ўринни Оқдарё туманидаги 40-мактабнинг “Қалқон” жамоаси эгаллади.

Бугун, 15 апрель куни мазкур мусобақанинг касбий таълим мактаблари ўртасидаги баҳси ҳам ўтказилади. 

Ҳусан Элтоев.