Конституция кунини нишонладик, фақат бироз бошқача
Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Фақат одатдагидан бироз бошқача.
Карантин сабаб бу йилги тадбирга вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 250 нафарга яқин вакиллар таклиф этилди.
Тадбир аввалида давлатимиз мадҳияси ҳарбий оркестр ёрдамида Самарқанд давлат университетининг “Гулдаста” хор жамоаси томонидан ижро этилди.
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов маросим иштирокчилари ва улар орқали бутун вилоят аҳлини байрам билан табриклади.
- Конституциямизнинг бош мақсади - халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратишдан иборат, - деди Э.Турдимов. - Шунинг учун қабул қилинаётган йил дастурлари Конституциямиз нормалари ва аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланмоқда. Мисол учун, 2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида вилоятимизда инвестиция дастури асосида 122 та ижтимоий соҳа объекти қурилди ва реконструкция қилинди. Жумладан, 47 та мактабгача таълим ташкилоти, 50 та умумтаълим мактаби, 17 та соғлиқни сақлаш муассасаси фойдаланишга топширилди. Қорасув массивида 773 та оила янги уйга кўчиб ўтди.
Тадбирда вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан буюк боболаримиз сиймоси акс этган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шоирлар Бош Қомусимизни, Ватанни мадҳ этувчи шеърлар ўқиди. Ёш истеъдод эгалари ва таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари иштирокчилар кўнглига кўтаринкилик бағишлади. Аҳамиятлиси, тадбир давомида фонограммадан фойдаланилмади.
***
Сана муносабати билан Самарқанд давлат университетида ҳам тадбир ташкил этилди.
- Бош Қомусимиз қабул қилинган кунга бағишланган тадбир «Ёшларга оид давлат сиёсати тарғиботи ҳафталиги» доирасида ўтказилгани аҳамиятлидир, - дейди университет ёшлар етакчиси Отабек Саъдуллаев. – Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар қалбида ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириш мақсадида ўтказилган тадбирга Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳарбий хизматчиларини таклиф этдик. Улар томонидан тайёрланган жанговар чиқишлар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси талабаларга манзур бўлди.