Консуллик Ўзбекистондан йўлга чиққан юк машиналари Қозоғистонда тошбўрон қилинган ҳолатни назоратга олди

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик юк машиналари ҳайдовчиларининг 7 сентябрь куни Қозоғистон Республикасининг Атирау шаҳри ҳудудида номаълум шахслар томонидан тошбўрон қилингани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги раҳбарияти вазиятни назоратга олиш ва рўй берган ҳолатга ойдинлик киритиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Актау шаҳридаги бош консули билан телефон орқали мулоқот ўтказди.

Айни дамда ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг Актау шаҳридаги бош консуллиги назоратига олинди. Рўй берган ҳодиса юзасидан тегишли чоралар кўриш бўйича Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги иш олиб бормоқда.

"7 сентябрь куни рўй берган ҳодисага батафсил ойдинлик киритиш мақсадида жабрланган ҳайдовчиларни Ўзбекистон Республикасининг Актау шаҳридаги бош консулининг + 7777 599 00 50 телефон рақамига мурожат қилиб ариза қолдиришларини сўраймиз", дейилган Транспорт вазирлиги хабарида.