Коронавирус инфекциясидан касалланганлар сони 1 миллионга етди
АҚШнинг нуфузли Жонс Хопкинс университети берган маълумотга кўра, дунё бўйлаб бугунги кунгача касалланганлар сони 1 миллиондан ошиб кетган. Беморлардан 211.4 минг нафардан ортиғи соғайган.
Маълумотда айтилишича, касаллик қайд этилган ҳолат бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда. У ерда 245.2 минг нафар фуқаро коронавирус юқтирган. Иккинчи ўринда Италия – 115.2 минг нафар касалланиш ҳолати, учинчи ўринда Испания – 112 минг нафар касалланиш ҳолати. Биринчи учликдан кейинги ўринларни қуйидаги давлатлар банд этиб турибди: Германия – 84.7 минг нафар касалланиш ҳолати, Хитой – 82.4 минг нафар касалланиш ҳолати.
ЖССТ маълумотига кўра, коронавирус оқибатида дунё бўйлаб жами 45.5 минг нафардан ортиқ бемор вафот этган.
Россия Федерациясида коронавирус юқтирганлар сони 4319 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 235 нафар бемор соғайган ва 30 нафар бемор вафот этган.
Хитой ҳукумати 4 апрель санасини коронавирус қурбонлари хотирасига мотам куни деб эълон қилди. Мамлакатда уч дақиқалик сукут сақланади, қурбонлар хотирасига автомобиль, поезд, кема ва ҳаво хужумига қарши мудофаа сигнализациялари бонг уради.
Филиппин Президенти Родриго Дутерте карантин вақтида тартибсизликлар уюштирган аҳолига нисбатан полиция ва қуролли кучлар вакиллари қуроллардан ўқ отишини маълум қилди.