Коронавирус ваҳимаси анча қимматга тушади
Самарқанд автобошбекатидан кунига Қозоғистоннинг Олмаота, шунингдек, пойтахт Тошкент ва Учқудуқ шаҳарларига бир мартадан, вилоятимизнинг чекка Қўшработ туманига эса 13 та йўналиш бўйича замонавий автобуслар йўловчиларни ташийди. Айни пайтда Олмаота шаҳрига автобуслар қатнаши тақиқланган.
- Шу пайтгача Тошкент шаҳрига кунига 2 та автобус қатнаган бўлса, бугундан бошлаб йўловчилар сони кўпайганлиги туфайли автобуслар сони 9 тага етказилди, - дейди Самарқанд автобошбекати бошлиғи Неъмат Маматов. – Бугун соат 11:00 гача 4 та автобус Тошкент шаҳрига йўловчиларни олиб кетди. Йўловчилар сони кўпайгани билан чипта нархларини қиммат қилганимиз йўқ. Битта чипта нархи 35 минг сўм. Ҳар соатда 35-40 нафар йўловчи жўнаб кетяпти.
Автобошбекатдан Тошкент шаҳрига йўловчи ташиш учун қўшимча «Мароқанд транс-экспресс» МЧЖга қарашли замонавий автобуслар келтирилиб, дезинфекция ишлари олиб борилди.
- Жамоамиз билан Самарқанд шаҳрига гастролга келган эдик, - дейди Тошкент давлат сатира театри актёри Илҳом Юсупов. – Энди пойтахтга қайтишимизга тўғри келди. Йўловчи кўп бўлса, билет топишдан қийналсак керак, деган ҳадик билан автобошбекатга келгандик. Йўқ, шубҳаларимиз нотўғри чиқди. Автобуслар етарли, чипталар ҳам бор.
- 16 мартдан икки ҳафта таътил эълон қилингач, ҳамма талабалар уйига қайта бошлади, - дейди қўшработлик СамДУ талабаси М.Шовқиева. – Дугоналарим билан автобошбекатга келдик. Автобус бормикин, одам кўп бўлса, тиқилинчда Жўш қишлоғига қачон етиб оларканмиз, деган ўйлар билан келган эдик. Автобуслар етарли эканлигини кўриб хурсанд бўлдик.
Шу пайт Тошкент шаҳридан Самарқандга йўлга чиққан автобус бекат ёнига келиб йўловчиларини туширди. Йўловчилардан бири Рўзигул Номозовани гапга тортдик.
- Тошкент автобошбекатида автобуслар камлигидан, такси ҳайдовчилари нархларини осмонга чиқариб юборган, - деди у. - Ҳар бир йўловчи учун 100-150 минг сўмгача сўраяпти. Бу анча қимматлик қилади. Айниқса, таътилга уйига қайтаётган талабалар жуда кўп. Хусусий автобусда 60 минг сўмдан йўл ҳақи тўлаб келдик.
Халқ орасида Улуғбек деб аталадиган норасмий бекатда эса Навоий, Бухоро, Ғиждувондан келаётган автобуслар 20-25 минг сўм эвазига йўловчиларни Тошкент, Гулистон, Жиззах шаҳарларига йўл-йўлакай олиб кетяпти. Йўловчи таксилар сони кўп, нархлари ҳам турлича.
- Ака, келинг 50 минг сўм билан олиб кетаман, - дейди «Каптива» эгаси. – Икки кишига майли 80 минг сўм берақолинг.
- Нега 80 минг сўм билан кетмоқчи бўляпсиз, кетган харажатингизни қоплайдими ишқилиб? - сўрайман ундан.
- Бу ердан кам бўлса ҳам майли, қуруқ кетмайин. Тошкентдан бу ёққа қараб 150-200 минг сўмга ҳам мижозлар бор, - дея жавоб берди ҳайдовчи.
Ноқулай вазиятдан фойдаланиб, бойлик орттириш ниятида бўлган бундай кимсалар нафс учун нималарга қўл урмайди-я?
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).