Коронавирусга қарши вакцина олиш мажбурийми?
“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунда фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Шунга кўра, ҳеч бир шахс вакцина олишга мажбур қилинмайди.
Аммо таъкидлаш лозимки, Бош давлат санитария врачи “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонундаги ваколати доирасида эпидемиологик кўрсаткичлар асосида эмланиши лозим бўлган контингентларнинг (масалан, эпидемиологик нохуш ҳудудда ишлайдиганлар, мазкур ҳудудда яшайдиганлар, ушбу ҳудудларга ташриф буюрмоқчи бўлганлар ва бошқалар) эмлаш календарини тасдиқлайди. Ушбу календарда грипп, шол, куйдирги, қизамиқ ва қизилча, бўғма ва шу каби 13 та бошқа эпидемиологик касалликларга қарши эмланиши лозим бўлган контингентлар рўйхати белгиланган эди.
Эндиликда Бош давлат санитария врачининг қарори билан эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, коронавирусга қарши профилактик эмлаш ҳам эпидемиологик кўрсатма бўйича профилактик эмлаш календарига киритилди. Ушбу қўшимча аҳолининг айрим тоифалари ўртасида доимий равишда ўтказиладиган профилактик эмлашларнинг давомий қисми ҳисобланади.
Шунга кўра, фуқаролар айрим фаолият турлари билан шуғулланиш учун (асосан аҳоли билан кўп мулоқот қилувчи фаолият турлари) коронавирусга қарши эмлашдан ўтиши керак.
Шунингдек, аҳолига эпидемиологик хавфсиз ва қулай шароит яратиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Унга кўра, 1996 йил 29 августда қабул қилинган “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига профилактик эмлаш атамаси киритилиб, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги қўшимча қилинди.
Лойиҳада Бош давлат санитария врачининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунда белгиланган ваколатини фуқароларнинг соғлиғи сақлаш борасидаги асосий қонун ҳужжати ҳисобланган “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунда ҳам мустаҳкамлаб қўйиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда халқаро экспертлар коронавирусга қарши курашиш ва унинг янги тўлқинларининг олдини олиш оммавий вакцинация орқали муваффақиятли ташкил этилиши мумкинлиги юзасидан тавсияларини инобатга олган ҳолда, Меҳнат кодексига ўзгартириш киритиш орқали, иш берувчига профилактик эмлашдан ўтишни рад этган ходимларни ишга қўймаслик ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда.